loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фаолият натижалари

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазма саройида 2021 йил якуни бўйича Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бош илмий котиби А.Хожамбергенов 2021 йил мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

“Жорий йил ижодкорлар учун ўта қизғин руҳда ўтди”, – дейди нутқида А.Хожамбергенов. “Ижодкорларимиздан Барлиқбай Айтмуратов Қорақалпоғистон Халқ рассоми, Дарибай Таджимуратов эса Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонларига сазовар бўлишди. Ёш рассомларимиз салмоқли ижод эти, қорақалпоқ тасвирий санъатини танилишида муносиб ҳисса қўшишмоқда.”

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси У.Утегенова сўзга чиқиб, барчани кириб келаётган Янги йил байрами билан чин дилдан самимий муборакбод этаркан, йилнинг энг фаол Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларини эълон қилди.

“Йилнинг энг фаол пленэр иштирокчиси” номинациясида Тимур Сулаймонов, “Йилнинг энг фаол рассоми” номинациясида Абдулла Ражабов, “Йилнинг энг фаол ташкилотчиси” номинациясида Шоҳиста Абдурахманова, “Йилнинг энг фаол жонкуяр уюшма аъзоси” номинациясида Бахтияр Серекеев, “Йилнинг энг фаол амалий санъат устаси” номинациясида Махада Алламбергенова, “Йилнинг энг фаол фидойи рассоми” номинациясида Сарсенбай Байбосинов ҳамда “Йилнинг энг фаол тарғиботчиси” номинациясида Махсет Абибуллаев ғолиб, деб топилди ва Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳамда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тасвирий санъатга қаратилаётган эътибор ва эҳтиромнинг юксак намунаси сифатида бугун рассомлар жуда кенг доирада ижод қила бошладилар. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари сафини кенгайтиришда ҳам муносиб хизмат қилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам янги 2022 йил учун Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинган рассом ва санъатшунослар тадбир давомида алоҳида тилга олиниб, келгуси хизматларида улкан зафарлар тилаб қолинди.

Тадбир сўнггида байрамона дастурхон атрофида Янги йил байрами нишонланди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.