loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фестиваль доирасида саёҳат

Мамлакатимизда халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтди. Санъат ва нафосат ҳафталиги кўргазмалар, маҳорат дарслари, бадиий чиқишлар, ижодий фикр алмашинувлар, устоз-шогирд тақдимотлари билан бой мазмун-моҳият касб этди, юртдошларимизга олам-олам маънавий завқ берди, санъатнинг ҳаётбахш кучини намоён қилди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, анъанавий фестиваль давомида ҳамкор ташкилотчилар томонидан бошқа тадбирларга ҳам эътибор қаратилди.

Хусусан, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши кўмагида фестиваль доирасида вилоятлардан пойтахтга ташриф буюрган иштирокчиларга Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳат ташкил қилинди.

Пойтахт меҳмонлари дастлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди. Улар Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва қизғин сиёсий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи мажмуа таркибидаги музей, илмий-тадқиқот ва таълим маркази, кутубхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Саёҳатчиларнинг кейинги манзили пойтахтимизда қад ростлаётган Tashkent City замонавий комплекси бўлди. Шундан сўнг Тошкентнинг энг асосий диққатга сазовор жойларидан бири Ҳазрати Имом мажмуи (халқимиз орасида Хаст имом номи билан машҳур) зиёрат қилинди. У ердан азим Тошкентдаги муҳташам «Минор» масжидига ўтилди. Ушбу масжид ўз лойиҳасида миллий меъморчилигимизнинг, бутун дунёда машҳур бўлган масжид ва мадрасаларнинг азалий анъана ва услубларидан ижодий фойдаланилганлиги билан Тошкентдаги бетакрор мажмуалардан биридир.

Тошкент шаҳри бўйлаб уюштирилган ушбу сайрдан катта таассурот олган фестиваль иштирокчилари мазмунли ва унутилмас саёҳат учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирдилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.