loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фоторассомларнинг қўшма кўргазмаси

14 январь куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фоторассомлар шўъбаси аъзоларининг ҳисобот ва ҳаваскор фотографларнинг қўшма кўргазмаси бўлиб ўтади.

Ҳамкорликда ташкил этилган ушбу кўргазмада кўп йиллик тажрибага эга бўлган устоз фоторассомлар ҳамда фотография санъати оламига эндигина кириб келаётган ёш ва ҳаваскор фотографларнинг бир нечта босқич асосида саралаб олинган фотографиялари намойиш этилмоқда.

Кейинги 3 йил давомида ўтказилиб келинаётган ушбу ижодий лойиҳа анъанавий тус олиб бормоқда. Моҳир ва тажрибали устозлар қўлида тарбияланган, шунингдек, фотосанъатига меҳр қўйган санъатсеварлар билан биргаликдаги кўргазма ўтказилишидан мақсад бадиий фотография давомийлигини сақлаб  қолиш, ўзаро тажриба алмашиниш, турли авлод ижодкор вакилларининг илиқ, кези келганда баҳсли мунозара, баҳсларига имкон яратишдир. Шунингдек, кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратерияси”дан ўрин олган “Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш” масаласига қаратилган амалий тадбирдир.  

Кўргазма кўлами жуда йирик бўлиб, унда 200 дан ортиқ фотографиялар тақдим этилмоқда. Фотографияларнинг ҳар бири диққатга сазавор, мавзу ва композициялари ўзига хос, қизиқарлидир. Айниқса, ёшларимизнинг аниқ концепция ва мазмунга таяниб ижод қилганларини кузатиш мумкин. Ёшлар ижод қилган замонавий долзарб мавзуларда уларнинг заковати ва интилувчанлигини кўриниб туради.   

Кўргазманинг асосий қисмини Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фотошўъба аъзолари: В.Шлосберг, Р.Шарипов, В.Соколов, В.Жирнов, И.Садикзоде, В.Гончаренко, А.Жумаев, С.Канаки, Л.Аметов, С.Карандаев, У.Абдуразақова, А. Коровин, З.Рўзиқулов, Н.Иощук, Е.Володина, шунингдек, Б.Алимходжаев, Г.Аванесяннинг асарлари ташкил этади. Уларда табиат ва теварак-атрофнинг нозик томонларини, миллий анъаналарни, қадимий обидалар ва замонавий бинолар акс эттирилиб, бадиий-ғоявий, композицион-пластик ечимининг мураккаблиги билан ажралиб туради. Муаллифлар  замонавий фотография имкониятларидан фойдаланиб, замон ва макон, шакл пластикаси ва ранглар жарангини ўйғунлаштирадилар, инсон заковатининг чексиз сарҳадларини ифода этадилар.     

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.