loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фоторассом Александр Маркевичнинг шахсий фотокўргазмаси

14 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройининг катта залида россиялик фоторассом, ихтиолог Александр Маркевичнинг “Қизил денгиз сув ости дунёси” номли фотокўргазмаси очилди. Шахсий фотокўргазмада муаллифнинг Қизил денгиз сув ости дунёсидан олинган 70 та фотоасари намойиш қилинмоқда.

Александр Маркевич – 1952 йили Украинанинг Днепропетровск шаҳрида туғилган. 1970-1975 йилларда Белоруссиянинг Гомель Давлат университети “Биология -тупроқшунослик” факультетида таҳсил олган. 1978 йилдан бошлаб ҳозиргача Владивосток шаҳрида Россия Фанлар Академиясининг Узоқ Шарқ денгиз қўриқхонаси филиалида ишлайди. Ихтиолог, илмий ходим ва биология фанлари номзоди.

Александр Маркевич суратга олиш билан мактаб ёшидан бошлаб шуғулланган. Унинг фотосуратлари Тинч океан рассомлари иттифоқи аъзолари ҳамкорлигидаги “Океан – мутахассис ва ҳаваскорлар фотосуратларида”(2008) ва “Владивосток: ўтмиш ва бугун”(2010) фотоальбомларида чоп этилган. Шу билан бирга “Фан ва ҳаёт”, “TourЕast” ва “Қадрдон табиат” журналларидан ҳам жой олган.

А. Маркевичнинг касби сайёрамизнинг деярли барча чучук ва денгиз сувларида яшовчи балиқ-ҳайвонларни ўрганиш билан боғлиқ. Ҳозирги кунда ихтиолог 32 мингга яқин балиқ турларини аниқлади. Уларни турли хиллигини кўриш, уларнинг гўзаллиги ва қандайлигини камчилик одам кўриш имконияти бор. Ўзининг ишлари билан фоторассом табиатга маҳлиё эканини ва бунга бошқаларнинг ҳам эътиборини тортишни истайди. Шу билан бирга қалқиб турган экологик мувозанатни ўйлаш ва Она заминни сақлашга даъват қилади. Ажойиб ва ўзига хос бўлган Қизил денгиз сув ости дунёси ингичка чизиқ орқали Африка ва Осиёдаги Аравий яриморолига қўшилган. Қизил денгизнинг ноёб хусусияти шундаки, биронта дарё унга қуйилмайди. Дарёлар одатда ўзи билан кўплаб муаллақ заррачаларни олиб юради, шу билан денгиз сувларининг тиниқлигини пасайтиради. Шу боис ҳам Қизил денгиз сувлари биллурдек тоза.

А. Маркевич сув ости фотосуратларни Қизил денгиз қирғоқларига саёҳат пайтида туширган.  Муаллифнинг ушбу фотокўргазмани ўтказишдан мақсади – санъат шайдоларига Қизил денгизнинг ноёблиги ва гўзаллигини кўрсатиш ҳамда заиф табиат вакилларини асрашга чақиради. Фотокўргазма жорий йилнинг 24 октябригача давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.