loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Атоқли рассом Хаким Мирзахмедов вафот этди

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом, фахрли устоз, тажрибали мутахассис Хаким Каримович Мирзахмедов 70 ёшда оламдан ўтди.

Ҳаким Каримович 1982 йилда В.Суриков номли Москва рассомлик институтини тамомлаб, шу йилдан буён П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида таълим бериш билан бир қаторда, бир неча илмий ишлар устида иш олиб борди.

Ўқувчиларнинг амалий машғулотларини янада такомиллаштириш бўйича «Ёзги амалиёт дастури», «Қаламтасвир», “Рангтасвир” ўқув дастурларини ёзди. У кўплаб ёш мутахассисларни юқори малакали мусаввирлар даражасида тарбиялади.

Х.Мирзахмедов ўз асарларида Ўзбекистонннинг сўлим манзаралари, гўзал табиати ва оддий инсонларни меҳр-муҳаббат билан тасвирлади. У илиқ ранглар орқали образларнинг ҳис-туйғулари ва кечинмаларини тўлақонли тарзда очиб бера олди.
Рассомнинг севимли жанри бўлмиш – манзараларда эса ҳаётий туйғулар мавжуд. «Баҳор нафаси», «Қиш тонги», «Ёрдоннинг тилла тераклари», «Апрель куни», «Исфара», «Кумушконда қиш», «Эрталабки намоз вақти», «Қуёшнинг чиқиши», «Ғилонда тонг отди», «Гуллаётган ўрик», «Настарин», «Кўк чой» каби асарлари бунга мисол бўлади.

Рангтасвирда бажарилган туркум манзаралари учун 2002 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси кумуш медалига сазовор бўлди. Рассом асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Қарши ва Урганч галереялари тўпламида, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Олмония, Исроил, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Покистон ва бошқа давлатлар музей ва шахсий тўпламларидан муносиб ўрин олди.

Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.