loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Халқаро амалий санъат биенналесига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди

2019 йилнинг 11-15 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Бадиий академияси, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда муассасалар ҳамкорлигида “Инсон.Муҳит.Санъат.2019” номли II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўтказилади.

Шу муносабат билан 8 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Анжуманлар залида мазкур биеннале мақсад ва вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, юртимизда иккинчи бор ўтказилаётган мазкур халқаро амалий санъат байрами – миллий анъаналарни асраб-авайлаш, халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига замонавий амалий санъат асарларини кўрсатиш, шунингдек, унутилиб бораётган халқ анъаналарини қайта тиклаш, оммалаштириш, замонавий амалий санъатда юз бераётган жараёнларни амалда намойиш қилиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, халқлар томонидан яратилган асрий тамаддун самараларини кенг тарғиб қилиш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтиришга туртки беради.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августида қабул қилинган «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда амалий санъат йўналишини ривожлантириш, жаҳон миқёсида тарғиб қилиш борасидаги долзарб вазифаларни ҳал этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га бағишланиб ўтказилаётган ушбу биеннале нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу йил 13 та хорижий давлат – Италия, Англия, Корея, Япония, Бангладеш, Эрон, Хитой, Покистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Украина, Тожикистондан ташриф буюрган 20 нафардан зиёд ижодкорлар билан бирга республикамизнинг 100 дан ортиқ амалий санъат усталари ўз асарларини кенг оммага намойиш этадилар.

Биенналеда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги барча кўргазма заллари ҳамда Тасвирий санъат галереяси маҳаллий ва хорижлик усталар иштирокидаги тадбирларга мезбонлик қилади.

Санъат ихлосмандлари Биеннале давомида ипак гиламлар, ўзбек миллий кулолчилиги, қадимги қоғоз турлари, ҳаттотлик ва миниатюра асарлари намуналари ўрин олган кўргазмаларни томоша қиладилар. Бундан ташқари япон амалий санъати ва замонавий ўзбек безак санъати, моҳир заргар усталар кўргазмалари, Англия, Германия ва Корея рассомларининг маҳорат дарслари, шу жумладан, каштачилик, ипак қоғоз тайёрлаш бўйича ўзбек усталари олиб борадиган маҳорат дарслари, талабаларнинг ижодий асарлари кўргазмаси, миллий ва замонавий либослар намойиши, ижодий учрашувлар Биеннале ишини мазмунан бойитиши шубҳасиз.

Биеннале дастуридан шунингдек, “Шаҳар муҳитидаги санъат” мавзусида давра суҳбати ҳамда санъатдаги глобализм ва миллий ўзига хослик, бадиий таълимда инновациянинг ўрни мавзуларида илмий-амалий конференциялар ўрин олган. Мазкур тадбирларда юртимиз ва хорижий давлатларнинг санъатшунослари, музей ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этадилар.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки,Тошкент халқаро биенналеси амалий санъат йўналишида эришилган ютуқларни кенг намойиш этиш, ижодкорларимиз учун ўзаро мулоқот ва тажриба алмашинув майдонини яратиши билан муҳим аҳамият касб этади.

II Тошкент халқаро амалий санъат биенналесининг очилиш маросими шу йил 11 ноябрь куни соат 17:00 да Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.