loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ханчжоуда ўзбек рассомлари кўргазмаси очилди

Хитой Халқ Республикасининг Хитой  адабий-бадиий санъат  жамоалари ассоциацияси, Ханчжоу рассомлар уюшмаси, Ханчжоу Бадиий  академияси  таклифига  мувофиқ   Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов бошчилигида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига  аъзо  рассомлар  делегацияси  шу кунларда мазкур давлатда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Бугун, 1 ноябрь куни Ханчжоу  Бадиий академияси кўргазмалар залида “Бир макон, бир йўл” шиори остида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо 8 нафар ўзбек рассоми кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ханчжоу Маданият вазирлиги, Ханчжоу Бадиий академияси вакиллари, Ўзбекистон делегацияси, соҳа мутахассислари, рассомлар, тасвирий санъат мухлислари иштирок этишди.  Тадбирда икки мамлакат ўртасида ўзаро маданий алоқалар, жумладан, “Бир макон – бир йўл” дастури доирасида ижодий ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Ўзбек рассомлари кўргазмаси очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси  раиси Акмал Нуридинов, рангтасвирчи рассом М.Исанов, Ханчжоу Бадиий академияси раиси сўзга чиқди.

— Санъат ва маданият ҳар доим халқлар ва давлатларни бир бирига яқинлаштиришга хизмат қилган. Бугунги кунда ўзбек-хитой рассомларининг ижодий ҳамкорлиги кўлами тобора кенгайиб бораяпти. Ўзаро тажриба алмашинувлар, ўзбек рассомларининг кўргазмаларини Хитойда, хитойлик рассомларнинг кўргазмаларини Ўзбекистонда ўтказиш фаоллашди. Бу каби тадбирлар халқларимизни янада яқинлаштиришга, санъатидан баҳраманд бўлишга хизмат қилади, — деди ўз сўзида Бадиий академия раис Акмал Нуридинов.                                                                                    Ўзбек рассомлари делегациясининг Хитой Халқ Республикасига  ташрифи кунларида  “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида  ўзаро ҳамкорликни давом эттириш, ижодий соҳада тажриба алмашинув истиқболлари  оид масалалар муҳокама этилиш каби масалалар ҳам ўрин олган. 

31 октябрь куни ўзбек рассомлари делегацияси Ханчжоу  Бадиий академиясига ташриф буюриб, академияда йўлга қўйилган ўқув жараёни билан танишди. Ташриф доирасида Ханчжоу Бадиий академияси расмийлари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда ҳамкорликнинг янги, истиқболли йўналишлари юзасидан ўзаро фикр алмашинилди, мазкур академия ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод нмидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш масаласи муҳокама қилинди. Келгусида ҳамкорлик меморандумига оид амалий таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилишига келишиб олинди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо рассомлар делегациясининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари давом этаяпти.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.