loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Чўлпонни хотирлаб…

2001 йилдан буён ҳар йили 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланади.

Сўнгги йилларда Исҳоқхон Ибрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари маърифатпарварлар хотирасига бағишлаб музейлар, муаззам ҳайкаллар яратилди. Қатағон қурбонларига бағишланган янги-янги китоблар, фильмлар яратилмоқда.

Бугун , 31 август куни шундай хайрли ишларнинг давоми сифатида Андижон шаҳридаги Чўлпон ёдгорлик музейида шоир хотирасига бағишланган янги экспозиция очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, ушбу экспозициянинг Концепцияси Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими бошлиғи Д.Юсупов ва адабиётшунос И.Мадғозиев томонидан, кўргазма жиҳозлари ва бадиий ечими Уюшма вилоят бўлими мутахассиси У.Тожибоев ҳамда музей ходимлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.

Экспозицияда Андижонда яшаб, ижод қилган марҳум ижодкорлардан Нажмиддин Казиевнинг “Чўлпон” портрети (1995 й.), Чўлпоннинг «Ёрқиной» асари учун В.Лигай ишлаган саҳна эскизи, Ўзбекистон халқ рассоми О.Бакировнинг «Чўлпон” портрети (1989 й.), Ўзбекистон халқ рассоми Н.Ҳолиқовнинг “Шоир Чўлпон”, «Ҳукм», “Исёни сўнг қанот” каби (линогравюра) (1997 й.) асарлари ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимининг фаол ижодкорларидан М. Қазиевнинг “Эски шахар”, У.Болтабоевнинг “Яраланган шеърият”, “Чўлпон замондошлари орасида”, “Чўлпон шеъриятидан” (1997 й.), Ш.Тошбойнинг “Мустамлакачилик”, «Истибдод», «Мустақиллик», Қ.Юсуповнинг “Чўлпон оиласи билан” (1997 й.) асарлари ўрин олди.

Тадбирда сўз олган Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи директори И.Расулов янги экспозицияни ташкил этишда яқиндан ёрдам берган Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси мутасаддиларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.