loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Шарқ ва Ғарб анъаналари муштараклигини юзага чиқарган рассом

27 май – Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Қирғизистон, Россия Бадиий академияси аъзоси, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори, замонавий рангтасвир санъати ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган талантли рассомлардан бири, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Маҳобатли ранг тасвир устахонаси раҳбари, профессор Баҳодир Жалолов таввалуд топган кун.

Баҳодир Жалолов 1948 йил 27 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1968 йили П. П. Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртини , 1974 йилда эса И.Е. Репин номидаги Санкт-Петербург рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтининг безатиш монументал факультетини тамомлайди.

Ёшлик йилларида портрет санъатининг устаси Абдулҳақ Абдуллаевдан таълим олади. Рассом ижодий фаолиятининг дастлабки намуналарида миллий ҳис-туйғулар турли хил рангларда ўз ифодасини топади.

Б. Жалолов тасвирий санъат борасидаги таҳсилни давом эттириб кейинчалик Чингиз Аҳмаров, Рўзи Чориев, Мельников, Королёвлардан тасвирий санъат сирларини ўрганди. Шу сабабли ҳам у яратган портретларда юксак маҳорат кўзга аниқ ташланиб туради. Унинг ижодидаги туйғулар уйғунлиги томошабинни ўзига маҳлиё этиб қўяди. Хусусан, «Рақснинг туғилиши» композицияси ўзбек раққосаларини улуғлабгина қолмасдан, уларга бўлган самимий ҳурмат ва муҳаббатни намоён қилганини кўрамиз.

Баҳодир Жалолов портрет санъатида кўп ютуқларга эришди. Унинг тўлақонли асарларида ўзбек халқининг севимли фарзандлари сиймоси ўз ифодасини топган. Бу ўринда айниқса академик рассом Ўрол Тансиқбоев, буюк олим, академик Воҳид Зоҳидов, санъатнинг машҳур дарғалари Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Муҳиддин Раҳимов, Ҳамро Раҳимова, Акром Тошканбоев, Дамир Рўзибоев каби улуғлар сиймоси сўзимизга мисолдир.

Баҳодир Жалолов Шарқ ва Ғарб анъаналарини ўзлаштириб, ана шу анъаналардаги муштаракликни топиб, уни юзага чиқаришга муваффақ бўла олган рассомдир. Ана шунинг учун ҳам хорижий давлатларнинг санъат ихлосмандлари эътиборига муяссар бўлган. Рассом ўзининг монументал паннолари билан дунёнинг илғор давлатларида ҳашаматли сарой ва биноларни безатиб келмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаси таниқли мусаввирни 72 ёшга тўлгани билан самимий табриклайди ва ижодига равнақ, мўйқаламига куч-қувват тилаб қолади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.