loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Эзгу чоралар рўёби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон қарори билан Бадиий академия тасарруфидаги 15 та ихтисослаштирилган санъат мактаби ва мактаб-интернати ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб этика ва эстетика фанлари жорий этилди.

Маълумки, этика ва эстетика фанлари асрлар давомида инсон камолоти, жамият равнақи ва давлат барқарорлигига хизмат қилиб келган. Мазкур фанларнинг айниқса бугунги глобаллашув шароитида кенг дунёқараш, юксак эстетик дид ва ахлоқий тарбияга эга ижодкор ёшларни тарбиялашда ўрни беқиёс.

Гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва тубанлик, фожиали ва кулгули, мўъжиза ва хаёлот, қизиқарли ва зерикарли каби мезоний тушунчаларни, шунингдек, эстетик муносабат, нафосат ва эстетик англаш каби масалаларни  ўргатувчи эстетика фани ҳамда инсонпарварлик ва эркпарварлик,
ватанпарварлик ва миллатпарварлик, фидоийлик ва зиёлилик, меҳнатсеварлик ва тинчликпарварлик каби ахлоқий тамойилларни, ҳалоллик ва ростгўйлик, ҳаёли ва инсофли бўлиш, хушфеъллик, ширинсуханлик, камтаринлик, босиқлик, худбинлик ва шуҳратпарастлик каби ахлоқий меъёрларни ўргатувчи этика фани келажагимиз эгаларини интеллектуал баркамол ва юксак маънавиятли, юртга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, аллома бобокалонимиз Форобий бежиз “билим, маърифат яхши ахлоқ билан безанмоғи лозим” дея уқтирмаганлар.

Мухтасар айтганда, бадиий таълимдаги бу ўзгаришлар мамлакатимизда ёшлар қалбига юксак инсоний қадриятларни сингдиришга қаратилган эзгу чоралар рўёбидир.

Эндиликда Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари битирувчилари миллий ва умумбашарий эстетик қадриятлардан завқланадиган, уларни баҳолай оладиган, бадиий соддаликни англай биладиган юксак дид эгалари бўлиб етишишига ишонамиз.

Камол Элмиров,

Ўзбекистон Бадиий академияси Таълим муассасалари  фаолиятини  мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.