loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Энг улуғ, энг азиз» анъанавий кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Мазкур анъанавий кўрик-танлов мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишлаб, “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Бадиий академия, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси  ҳамкорлигида ташкил қилинди. 

Тадбирда кўрик-танлов бу йил ўта мураккаб бир шароитда, пандемия билан боғлиқ вазиятда ўтказилганига қарамасдан, ташкилотчилар томонидан юксак савияда ташкил этилгани, иштирокчиларнинг алоҳида масъулият ва фаоллик билан иштирок этгани эътироф этилди. 

Маълумот берилишча, кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари ғолибларини тақдирлаш маросимлари 2020 йил 25 август – 9 сентябрь кунлари ўтказилди.

Республика босқичига ижодий ишлар эса коронавирус пандемияси сабабли карантин қоидаларидан келиб чиқиб, 2020 йил 19 август – 10 сентябрь кунлари  онлайн шаклда қабул қилинди.

Шу билан бирга , кўрик-танлов ғолибларининг муносибини аниқлаш учун жамоатчилик иштирокини таъминлаш, ўқувчилар фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш мақсадида tanlov2020.uz веб-сайти ишга туширилди ҳамда ижодий ишларнинг барчаси ушбу веб-сайтга жойлаштирилди. 2020 йил 16-20 сентябрь кунлари мазкур веб-сайт орқали овоз бериш йўлга қўйилди. 

«Энг улуғ, энг азиз» анъанавий кўрик-танловининг Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари бўйича 3-ўринга Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фотосуратчи Ҳамдам Шораҳмедов Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари  акс эттирилган “Она юртим” фотолавҳалари учун  , 2-ўринга Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси дизайнери  Фаррух Шодмонов 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда бунёдкорлик ишларига бағишланган дизайн лойиҳалари учун ,  1-ўринга Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом Эркин Аралов  Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, саломатликни асраш, одамларимизнинг Ватанга садоқат туйғуси юксак бадиий бўёқларда талқин этилган “Уйда қолинг”, “Карантин” асарлар туркуми учун   муносиб топилди.

Кўрик-танлов ғолиблари махсус дипломлар, кўрик-танлов рамзи туширилган плакетка ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.