loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Энг яхши мураббий»дан мастер-класс

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси, Турон фанлар академияси академиги, 2018 йилда Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг “Энг яхши мураббий” номинацияси ғолиби Ашурмат Мамасолиев бадиий кулолчилик ва майда пластика йўналишида маҳорат дарси ўтди.

Жонкуяр мураббий томонидан Бадиий академия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўтказилган сабоқларда 20 нафардан зиёд мактаб-интернат ўқувчилари ва бошқа мактаб ўқувчилари иштирок этди. Ўқувчилар устоз кўмагида ўз қўллари билан турли ҳайвончаларни ясаб, маҳоратларини синаб кўришди.

А.Мамасолиевнинг таъкидлашича, бундан кўзланган мақсад, Президентимизнинг ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига қаратилган 5 муҳим ташаббусдан биринчи ташаббусни амалга ошириш, уларда бадиий салоҳият, эстетик дидни ривожлантириш, асрлар оша авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий кулолчилик анъаналаримизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашдан иборат.

Келажагимиз эгаларига берилаётган бу каби сабоқлар, шубҳасиз, уларнинг руҳиятига беқиёс ижобий таъсир этибгина қолмай, борлиқни англашга, унинг бор жозибадорлигини ҳис этишга ўргатади, эзгуликка чорлайди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.