loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Юбилей тадбирлари бошланди

Бугун, 14 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси, Маданият,Ташқи ишлар вазирлиги, «Тасвирий ойина» ижодий бирлашмаси, «Илҳом» ижодкорларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, бошқа мутасадди вазирлик, идоралар ҳамкорлигида  Тошкент фотосуратлар уйида буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган Халқаро симпозиум ва халқаро кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда мутасадди вазирлик, идоралар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов очиб берди. Нотиқ  бугунги кунда Ўзбекистонда тасвирий санъат ривожига қаратилаётган эътибор, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзоднинг жаҳон бадиий маданиятида тутган ўрни ҳақидасўз юритди, Халқаро симпозиум ишига омад тилади.

— Камолиддин Беҳзодни ўз даврининг новатор, ташаббускор ва ростгўй даҳоси, деб ҳисоблаш мумкин. У ўз давридаги жараёнларга мутаносиб равишда ҳамда турли халқлар санъатлари хусусиятларидан фойдаланган ҳолда, миниатюра санъатида янги бир услуб яратди ёхуд адабиёт, ирфон, антропология ва жамиятшунослик билан чамбарчас боғлиқ бўлган миниатюра санъати томон янги ва муҳим бир эшик очди, — деди ўз сўзида Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий.

Шундан сўнг «Эй мусаввир, дилбаримға сурате монанд қил…» номли миниатюра ва ҳаттотлик асарлари халқаро кўргазмаси очиқ деб эълон қилинди.

Бугун миниатюрачи рассом юртдошларимиз ўтмишда мавжуд бўлган миниатюра мактабларининг анъаналарига қайта ҳаёт бахш этаётгани қувонарли.  Ушбу кўргазма экспозицияси 100 дан ортиқ асарлардан ташкил топган бўлиб, унда кўзга кўринган машҳур мусаввир, ҳаттотлар билан бир қаторда ўсиб келаётган ёш миниатюрачи рассомларнинг ҳам ижодидан намуналар берилган.

Кўргазма халқаро миқёсда ўтказилаётгани сабабли экспозицияда 10 га яқин хорижий, жумладан, Туркия, Эрон, Покистон,Қозоғистон, Туркманистон, Буюк Британия каби давлатларнинг етук рассомлари асарлари янгича форматда, электрон шаклда намойиш этилмоқда. 

Экспозиция залларидан бирида буюк мусаввирнинг илк бор анимацион шаклда намойиш этилаётган миниатюра асарларикўргазмага ўзгача шукуҳ, замонавий кўриниш бағишлаган.

Кўргазма 30 октябрга қадар давом этади. 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.