loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистон Бадиий академияси Раисининг байрам табриги

Азиз юртдошлар, ижодкор-рассомлар!

Мана шу қувончли лаҳзаларда Сизларни Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман!

Ўтиб бораётган йил мамлакатимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Шу билан бирга кутилмаган синов – Covid-19 пандемияси туфайли қийинчилик ва синовларни бошимиздан кечирдик. Пандемия – санъат соҳасига ҳам таъсир ўтказди. Тасарруфимиздаги санъат масканларида ўтадиган йирик тадбирларимизни, лойиҳаларимизни вақтинча тўхтатишга мажур бўлдик.

Мавжуд қийинчиликларга қарамай, фахр билан айта оламиз, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмаларни ўтказиш, Бадиий академия ва унинг тизимидаги ташкилотлар, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш  борасида салмоқли ишларни амалга оширдик. Рассом-ижодкорларимиз Ватан тараққиёти, юрт равнақига дахлдорлик туйғуси билан ижод қилишди, турли халқаро лойиҳаларда онлайн иштирок этиб, ўзбек рассоми мўйқалами ютуқларини кўрсатишди, совриндор бўлишди.

Карантин шароитида пойтахтимиздаги “Ғалаба” боғида рассом ва ҳайкалтарошларнинг фидокорона меҳнати натижасида 16 та ҳайкалтарошлик композицияси яратилди ва музей ижодкорларнинг маҳобатли рангтасвир асарлари билан бойитилди. 8 гектардан кўпроқ майдонни ўз ичига олган  “Адиблар хиёбони”да 2о дан ортиқ ҳайкал ўрнатилди, уларни бронза ва мисга ўтказиш ишлари олиб борилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун жамиятимизда кечаётган улкан маърифий ислоҳотлар жараёнида миллий тасвирий ва амалий санъатимизни юксалтириш ва мустаҳкамлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратмоқда.

Қалтис пандемия даврида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелда “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бунинг амалий тасдиғидир.

Соҳамиз равнақи учун улкан имкониятлар эшигини очган  айни ҳужжат асосида бу йил буюк мусаввир бобокалонимиз Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини нишонладик, “Камолиддин Беҳзод ижоди Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти кесимида” мавзуидаги онлайн илмий-амалий конференция ўтказдик. Унда дунёнинг 10 дан ортиқ давлати беҳзодшунослари буюк мусаввир қолдирган бой мероснинг замонавий тасвирий санъатдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида онлайн маъруза қилдилар, фикр алмашиб, қизғин таклиф-ташаббусларни илгари суришди. Яна бир фахрли жиҳати – хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Қолаверса, Президентимизнинг ушбу Қарори доирасида 6-декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида” 691-сон, 15 декабрда эса “Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 786-сонли қарори қабул қилинди.

Соҳа бўйича муносиб кадрларни етиштириш, ижодкор ёшларга кенг имкониятлар яратиб бериш ва рағбатлантириш мақсадида бадиий таълимни ривожлантириш билан боғлиқ бир қанча чора тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, илмий салоҳиятни ошириш мақсадида тасарруфдаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий Кенгаш ташкил қилинди. Сафимизга Кенгашнинг илмий даражали биринчи қалдирғочлари қўишлди.

Яна  жорий йилда мустақиллигимизнинг  29 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ 7 нафар рассом, ижодкор  ва соҳа мураббийи мукофотлангани  соҳага бўлган эътибор, рағбатнинг ёрқин ифодаси, нур устига аъло нур бўлди, десак муболаға эмас.

Янги – 2021 йилда ҳам ютуқларимиз бардавом бўлишига ишончим комил.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Бадиий академияси номидан кўп сонли ижодкор-рассомларимизга, мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини ривожлантириш йўлида астойдил хизмат қилаётган соҳа ходимларига сиҳат саломатлик, бахт ва омад, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, файзу – барака тилайман.

Кўнглимизга, хонадонимизга, диёримизга Янги йилнинг пойқадами қутлуғ бўлсин!

Юртимиз осмони мусаффо, осойишталигимиз барқарор бўлсин.

Акмал НУР,

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.