loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистон модаси

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйида яна бир лойиҳа – XX асрнинг 60-йилларидан бугунги кунгача бўлган даврда Ўзбекистон модаси тараққиётидан ҳикоя қилувчи йирик кўргазма иш бошлади.

Санъатшунос Бинафша Нодир ғояси асосида Ислом Каримов фонди томонидан ташкил қилинган мазкур кўргазма экспозицияси икки қисмдан иборат.
Биринчи қисмдаги экспонатлар Ўзбекистон мода санъатининг 1960-2000 йиллардаги тарихига бағишланган. Бу ерда фотосуратлар, кийимлар, эскизлар ҳамда ўша давр журналлари намойиш этилаяпти.

Иккинчи қисм замонавий Ўзбекистон мода санъатига бағишланган бўлиб, у ерда томошабинлар эътиборига Саида Амир, Таисия Чурсина, LALI мода уйи (Лали Фозилова), Moel Bosh (Зуҳра Инат) бренди, Марҳамат Умарова, Ҳилола Шер каби дизайнерларнинг коллекциялари ҳавола этилган.

Лойиҳа муаллифи ва кўргазма куратори Бинафша Нодир таъкидлашича, кўргазмадан кутилган мақсад Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган. Қолаверса, томошабинлар унда Моделлар уйи ҳамда замонавий дизайнер юртдошларимиз фаолияти, улар эришаётган ютуқлар, соҳадаги миллий брендлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Каримов Фонди томонидан шу номда альбом-каталог ҳам нашр қилинди.
“Ўзбекистон модаси: кеча ва бугун” номли ушбу кўргазма 30 мартгача очиқ бўлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.