loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

22 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлгани муносабати билан шу мавзуда байрам тадбири ташкил қилинди.

Тадбирни Бадиий академия раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур очиб берди ва барчани улуғ айём – Ўзбек тили байрами билан табриклади.

 

— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасида амалий ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида кўриш мумкин. Натижада ўзбек тили жаҳон миқёсида ҳам муносиб ўрин ва мавқега эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз БМТнинг юксак минбарида , халқаро саммит ва учрашувларда баралла янграётгани барчамизни қувонтиради, — деди Акмал Нур.

Байрам тадбирида сўз олган Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир З.Неъматов, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, шоира Г.Ибрагимова Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамиятига тўхталдилар, ўз шеърларидан ўқиб бердилар. Байрам давомида Бадиий академия раҳбар ва ходимлари, академиклари томонидан она тилимизга аталган шеърий челленж видеолавҳаси намойиш этилди.

Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби, Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан тайёрланган куй-қўшиқ, рақслар намойиши катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 2-босқич талабаси Н.Баҳромова А.Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асари асосида тайёрлаган саҳна кўриниши барчага манзур бўлди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.