loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ҳаттотлик санъати: бардавом анъаналар

Ғанижон Қосимов ўзбек миллий ҳаттотлик санъатида Андижон мактаби анъаналарининг қайта тикланишига муносиб ҳисса қўшган дарға ҳаттотлардан бири саналади.

Бугунги кунда вилоят тарихи ва маданияти музейида бўлим мудири вазифасида фаолият юритиб келаётган Ғ. Қосимов ҳаттотлик санъати сирларини Андижон давлат университети ўқитувчиси Муҳаммаджон Абдураҳмоновдан ўрганган. Ўз фаолиятини китобот санъатидан бошлаган. Араб алифбосини ўрганувчиларга мўлжалланган, ”Андижон” нашриётида чоп этилган “Устоди аввал” (1983 й.), ”Алифбо ва имло” (1992 й.), ”Эски ўзбек ёзуви” (1992 й.) каби дарслик ва ўқув қўлланмаларининг муаллифи.

Ҳаттотлик санъати қадимий Шарқ ислом меъморчилигида нафақат безак сифатида, балки мазмун-моҳияти, маънавий-тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки обидалардаги битиклар асосан Қуръони Карим оятлари, дуолар ва ҳадислардан иборат бўлиб, исломнинг тарғибот минбари бўлган. Мустақиллик йилларида таъмирланган, қайта тикланган ва маданий мерос сифатида давлат муҳофазасига олинган меъморий обидалардаги битикларни тиклаш баробарида бунёд этилган замонавий иншоотларда ҳам бу анъана қўлланди ва давом эттирилди.

Ҳаттот Ғ.Қосимов ижодий дастхатига мансуб меъморий битикларни Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида, Қорақалпоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида, миллий руҳдаги замонавий масжид–мадрасаларда, ўндан зиёд зиёратгоҳларда учратиш мумкин.

Шунингдек, ҳаттотлик санъати маданий мерос объектлари – Андижондаги “Девонабой”, “Жиддаи муборак”, ”Мирзақул бўлиш”, Марғилондаги “Ҳонақох” ва”Сармозор” масжид-мадрасалари, Қорақалпоғистондаги “Увайс Қароний” зиёратгоҳларида айниқса, юқори санъат даражасида намоён бўлган. Ҳаттот арабий битикларда “настаълиқ”, “насх”, “сулъс”, “куфий”, “риқоъ”, “шикаста”, “девоний” каби гўзал хат турларидан ижодий фойдаланади. Меъморий обидалардаги битиклар нафис санъат намунаси сифатида таъсирчан бадиий қудратга эга.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Ғ.Қосимов ўз ижодий ишлари билан республика ва халқаро миқёсдаги фестиваль, бадиий кўргазма ва ярмаркаларда фаол иштирок этиб, миллий ҳаттотлик санъатимиз анъаналарини танитиб келмоқда.

Ҳозирда фарзанди Минҳожидин Қосимов ота касбини давом эттираяпти. Ҳаттот Минҳожидин ижоди намуналари билан Намангандаги Катта масжид ва Андижонда янги қурилаётган Девонабой масжидларида танишиш мумкин. Шунингдек ёш ижодкор Шаҳрисабзда ўтказилган Халқаро мақом(2018 й.),Термиздаги Халқаро бахшичилик (2019), Қўқондаги биринчи Халқаро хунармандчилик (2019) фестивалларига бағишланган кўргазмаларда иштирок этди. Буларнинг барчаси ҳаттотлик санъатимизнинг бардавомлигидан далолат беради.

Дилшод Юсупов,
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти
бўлими бошлиғи, санъатшунос

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.