loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Асрларга кўзгу тутган мусаввир

Бугун, 5 январь Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Бадиий академия академиги, давлат мукофотлари лауреати, буюк аждодларимизнинг мукаммал сиймолари ва замондошларимиз портретларини яратган ўзбек рангтасвирининг етук намоёндаси Малик Набиев таваллуд топган кун.

Малик Набиев (1916 -2008) нафақат рассом, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдирди. Рассомнинг бобокалонларимиз Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Райҳон Беруний, Спитамен, Фитрат, Усмон Носир, Абдулла Қодирий сиймолари акс эттирилган тасвирий санъат портретлари билан барчага таниш.

2021 йилда Малик Набиев таваллудининг 105 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан рассом хонадонида ўрнатилган меморий ёдгорлик (барельеф муаллифи Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Оллоберган Оллоберганов) давлатимиз раҳбариятининг рассом ижодий фаолиятига муносиб баҳоси ва хотирасига ҳурмат-эҳтиромидан далолатдир.

Айнан шу йили тарих ва санъат ихлосмандлари “Академия” галереясида Малик Набиевнинг буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг ажойиб сиймолари жо бўлган 50 дан ортиқ бетакрор асарлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

1916 йилда Тошкентда дунёга келган Малик Набиев 1958 йилдан умрининг охирига қадар Низомий номидаги Tошкент давлат педагогика университетида иқтидорли ёшларнинг бир нечта авлодига тасвирий санъат сир-асрорларидан сабоқ берди.

 

Рассом томонидан 1994 йилда ишланган соҳибқирон Амир Темур портрети нафақат тасвирий санъатимизда, балки мамлакатимиз маданий ҳаётида улкан воқеа бўлди.

Малик Набиев тарбиялаган шогирдлари бугунги кунда муваффақиятли ижод қилиб келмоқда. Ёш ижодкорлар ундан ўрганиши мумкин бўлган асосий хислатлардан бири – бу меҳнаткашлик ва ўз ишига синчковлик билан ёндашишдир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.