loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот Анжумани

17-21 апрель кунлари Бадиий академия ва қатор вазирлик, ташкилотлар ҳамкорлигида республикамиз бўйлаб 2023 йил – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилига бағишланган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади. Бугун,14 апрель куни шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида Халқаро санъат фестивалини ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.Таъкидланганидек, Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали миллий санъатимизнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой меросини тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий алмашинув, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, замонавий тасвирий ва амалий санъатда кечаётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.Фестивалда Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида таниқли хорижий ва маҳаллий ижодкорлар, усталарнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, маҳорат дарслари, бадиий дастур намойишлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, илмий конференциялар, олий ва ўрта, ихтисослашган ва умумий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари (кўргазмалар, маҳорат дарслари, либослар кўриги) намойиши ташкил этилади.Жорий йилда фестивал доирасида муҳим тадбир – Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳамда Венгрия рассомлари ижодий кўргазмаси ўрин олди. ТУРКСОЙ ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган ушбу кўргазма “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” деб номланди. Шу билан бирга ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида кўпқиррали ҳамкорликни ривожлантириш мавзусида давра суҳбати ўтказилади.Фестивалда шунингдек Франциянинг мамлактимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ушбу давлат мероси акс этган фотокўргазма, Исроил (1 нафар), Беларусь (10 нафар) , Россия (8 нафар), Қозоғистон (5 нафар), Корея Республикаси (17 нафар) тасвирий санъат усталарининг ижодий ишлари кўргазмалари ташкил этилаётгани хорижий қамров кенгайиб бораётганини англатади.Фестиваль тадбирлари пойтахтимизда Бадиий академия тасарруфидаги барча кўргазма заллари – Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйи, “Академия” галереяси, Республика ихтисослаштирилган идзайн мактаби кўргазма зали, шу билан бирга Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида тақдим этилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.