loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

2021 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар

Бугун, 1 февраль куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2021 йилда амалга ошириладиган долзарб вазифалар» мавзуида матбуот анжумани
бўлиб ўтди.

        Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декбарда  Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ҳамда мамлакатимизда 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш  йили”да  Ўзбекистон Бадиий академияси фаолияти қизғин кечади.

         Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон Бадиий академияси раиси муассаса олдида турган вазифаларга тўхталар экан жумладан шундай деди:

“ —  Жорий йилда ижодий, таълим, илмий, тарғибот-ташвиқот йўналишларида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, тасвирий ва амалий санъат, дизайн, музейшунослик ҳамда санъатшунослик соҳаларида фаолият олиб бораётган ёш ижодкорларни муносиб рағбатлантириб бориш, уларга кенг ижодий имконият яратиб бериш билан боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Тизимдаги ихтисослаштирилган санъат мактабларининг моддий-техник  базасини мустаҳкамлаш, бадиий таълим сифатини яхшилаб бориш, ёш ижодкорларнинг кўргазмаларини ҳамда келажак эгалари ўртасида ижодий танловлар ташкил этишга катта эътибор қаратилади.”

          Тадбирда ўтган 2020 йилда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, академик бадиий таълим сифатини оширишга оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Қарори,  Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори қабул қилингани, 2021 йилда ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш изчил давом эттирилиши маълум қилинди. Жумладан:

         Биринчи, соҳа бўйича ёш истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида апрель ойида анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали;

         Иккинчи, ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови;

         Учинчи, Тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида таълим олаётган истеъдодли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси учун  танлов;

         Тўртинчи, дунёнинг турли ўлкаларида истиқомат қилувчи ватандошларимиз фарзандлари учун уларда гўзал ва бетакрор Ватанимиз, маданий меросимиз, миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат ва ифтихор туйғуларини шакллантириш мақсадида «Ўзбекистон маданий мероси» номли фотосуратлар онлайн танлови;

         Бешинчи, Тошкент шаҳрида III Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ташкил қилинади.

         Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорлар, ишлаб чиқилган дастурлар, “Йўл харита”лари ва бошқа ҳужжатлар доирасида белгиланган тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

         2021 йилда Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари билан боғлиқ ишлар амалга оширилади.   

         Хусусан, “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 21 апрелдаги Президент қарори ижроси бўйича Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрида Бадиий академия тизимида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ташкил этилади.

         Президентимизнинг ушбу қарори асосида яна Бадиий академия тизимидаги Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабининг 200 ўринли ўқувчилар ётоқхонаси мукаммал таъмирланади.

         Президентимиз қарори асосида шунингдек, Бадиий академияга қарашли Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактабига қўшимча ўқув биноси қурилади.

         Таълим фаолиятининг икки туридан иборат бўлган Павел Беньков номидаги Ўзбекистон давлат рассомлик олий мактабини ташкил этиш ва моддий-техника базасини жаҳон андозаларига мос равишда мустаҳкамлаш бўйича таклиф лойиҳаси ишлаб чиқилаяпти.

         2021 йилда тизимдаги ташкилотлар, хусусан, Камолиддин Беҳзод номидаги  Шарқ миниатюра санъати музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси  фаолиятини такомиллаштириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга оид ишлар ҳам устувор вазифалари сирасидан ўрин олган.

         Ҳудудларда санъат галереяларини қуриш ишлари давом эттирилади. Бу йил Жиззах ва Фарғона вилоятида Бадиий академия ўз галереясига эга бўлади.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Қарорлари асосида 2021 йилда Бадиий академия томонидан Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги, Ўзбекистон халқ артистлари Олим Хўжаев ва Сойиб Хўжаев таваллудининг 110 йиллиги, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, атоқли олимлар Саъди Сирожиддинов ва Иброҳим Ҳамробоев таваллудининг 100 йиллиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Шавкат Раҳмон таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ёдгорлик лавҳалари тайёрланади.

         Айни пайтда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида миллий қаҳрамонимиз Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини яратиш, пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ишларида Бадиий академия фаол иштирок этмоқда.   

         2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси қутлуғ сана – мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда мустақиллик мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва анъанавий кўргазмаларни, ижодий лойиҳаларни ўтказади.

            Матбуот анжуманида Бадиий академия мутасаддилари ОАВ вакилларининг соҳага оид  саволларига жавоб беришди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.