loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Diplomatic World” ижрочи директори Барбара Дитрих Бадиий академияда бўлди

17 июль куни Ўзбекистон Бадиий академиясида мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси мурожаатига мувофиқ “Diplomatic World” халқаро журнали ижрочи директори Барбара Дитрих ва “Diplomatic World Institute” маркази лойиҳалар бўйича менежери Альберто Туркстра билан учрашув бўлиб ўтди.

“Diplomatic World” журнали сиёсат, дипломатия, бизнес, молия, санъат ва маданият соҳаларини кенг ёритиб келади. Журнал Европа парламенти аъзолари, Европа Иттифоқи раҳбарлари, ишбилармон доиралар, дипломатик корпус ва Брюсселда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларга тарқатилади.

Қизғин кечган ўзаро мулоқотда Бельгия вакилларига Бадиий академиянинг ташкил этилиш тарихи, ўзбек тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш борасида муассаса амалга ошираётган ишлар, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бой меросга  эга санъатимиз ва соҳа вакиллари, ижодкорларни, хусусан, тасвирий санъатимиз келажаги эгаси бўлган истеъдодли ёшларни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар ижодини дунёга танитиш учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Учрашувда ўзбек рассомларининг соҳада илғор тажриба алмашиш учун халқаро ижодий ҳамкорлик алоқаларини  ривожлантириш, пандемия даврида онлайн кўргазмалар ўтказиш имкониятларига тўхталиб ўтилди. Шу ўринда Ўзбекистон Бадиий академиясининг халқаро аҳамиятга эга лойиҳалари, хорижда ўзбек рассомларининг шахсий ва ижодий кўргазмаларини ўтказиш кўлами кенгайиб бораётгани, юртимизда ҳар икки йилда мунтазам ўтказилаётган биенналеларда хорижий санъат намояндалари ҳам фаол иштирок этаётгани айтиб ўтилди.

Мулоқотда Барбара Дитрих хоним санъат, маданият халқларни яқинлаштиришга кўприк вазифасини ўтаб келгани, келгусида Бельгияда ўзбек рассомлари, ҳайкалтарошлари кўргазмасининг ташкил қилиниши ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга улкан туртки беришини ва бу борада ёрдамга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Мулоқотдан сўнг Бельгия вакиллари  Бадиий академия  биносида жой олган, нафақат миллий, балки хорижий рассомлар ижодини ҳам танитишга хизмат қилаётган, замонавий шарт-шароитга эга  янги “Академия” галереяси, Анжуманлар зали билан таништирилди. Ўзбекистон Президентининг тегишли Қарори  асосида Бадиий академия биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, том маънода муносиб санъат ошёнига айлангани айтиб ўтилди.

Учрашув якунида Барбара Дитрих хоним ўзбек тасвирий санъатида кечаётган бугунги ўзгаришлар, янгиликлардан етарлича бохабар бўлгани, соҳага  давлат раҳбарининг ғамхўрлиги юксаклиги боис шундай муваффақиятлар қўлга киритилаётганига ишонч ҳосил қилганини, Бадиий академиядан улкан таассуротлар билан айрилаётганини мамнуният билан тилга олди ва Бельгия томони ижодий ҳамкорликни  ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.  

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.