preloder

Hujjatlar

ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ АКАДЕМИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган, жаҳоний шуҳрат қозонган нафис санъатлар мактабининг ноёб анъаналарини авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, миллий тасвирий, амалий миниатюра санъатимизнинг нодир дурдоналарини дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, улардан халқимиз онгида миллий ғурур ва ифтихор, истиқлол ва Ватанга садоқат туйғуларини кучайтириш йўлида кенг фойдаланиш, замон талабларига мос бадиий таълим тизимини барпо этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, академик илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Рассомлар уюшмаси, атоқли санъат намоёндалари ва кенг жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олиб, Ўзбекистон Бадиий Академияси ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, Академия Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва унинг асосида ўз Бошқарув кенгашига, ҳақиқий ҳамда фахрий аъзоларига эга бўлади. Унинг таркибий тизими иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

* Илова берилмайди.

Бадиий Академия фаолиятида ижодий, ўқув ва илмий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари асосида йўналишлар эканлиги эътиборга олинсин. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ўзбек халқининг бой бадиий мероси, унинг жаҳон санъати тарихидаги ўрни, тараққиёт босқичлар ва замонавий йўналишларни чуқур ўрганиш ҳамда ривожланиш истиқболларини белгилаш, миллий мустақиллик ғояларига мос тадқиқотлар, дарсликлар, методик қўлланмалар яратиш;

тасвирий ва амалий санъатлар соҳасидаги ижодкорларни, энг аввало, ёш истеъдодларни халқимизнинг бой маънавий дунёси, озод ва обод Ватан келажаги олдидаги масъулият, миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин асарлар яратишга йўналтириш ҳамда бу йўлдаги ҳаракатларни рағбатлантириш;

ижодкорларни, иқтидорли ёшларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ҳамда соҳа муассасаларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлашни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш;

тасвирий ва амалий санъат, дизайн, халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
халқаро ижодий, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўргазма фаолияти орқали ўзбек миллий санъати ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, симпозиумлар, бошқа анжуманлар ўтказиш;

Бадиий Академия таркибидаги муассасаларнинг ташкилий, моддий-техник масалаларни ҳал қилиш, уларни замонавий техника ҳамда зарур анжомлар билан таъминлаш.

Бадиий Академия таркибида:

Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтининг рассомлик факультети ва Республика рассомлик билим юрти негизларида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти,
Республика ўрта махсус санъат мактаб-интернати негизида тасвирий ва амалий санъат лицейи,
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мавжуд санъат мактаблари негизида биттадан тасвирий ва амалий санъат лицейлари ташкил этилсин.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти қошида ўрта махсус таълим бўғини сақлаб қолинсин.

Бадиий Академиянинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, соҳани ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастурларни амалга оширишни таъминлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилсин.

Бадиий Академия таркибига қуйидаги муассасалар кириши белгилаб қўйилсин:

Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 7 июлдаги ПФ-4118-сонли Фармонига асосан чиқарилган— ЎР ҚҲТ, 2009 й., 28-сон, 323-модда)

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тасвирий ва амалий санъат лицейлари
Бадиий кўргазмалар дирекцияси
Махсус жамғарма
Академиянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими

Бадиий Академия ташкил этилиши муносабати билан Маданият ишлари вазирлиги қошида амалий санъат рассомлик дизайн соҳаларидаги ташкилотлар ва корхоналар негизида махсус ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тузилсин. Бу бирлашманинг Бадиий Академияда яратилган ижодий ғоялари, мукаммал бадиий лойиҳалар, нафис санъатлар соҳасидаги илмий изланишларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш маркази, таълим тизимининг асосий тажриба-амалиёт таянчи бўлиши белгилаб қўйилсин.
Бадиий Академия ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар ўз Низомлари доирасида фаолиятлари учун давлат солиқларидан 5 йилга муддатга озод этилсин.

Солиқдан озод этилиши натижасида йиғилган маблағларнинг соҳанинг янада ривожлантиришга, унинг моддий-техник негизини мустаҳкамлашга, шунингдек, ходимларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ишларига сарфланиши белгилаб қўйилсин.

Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 июлдаги ПФ-3781-сонли Фармони билан кучини йўқотган— ЎР ҚҲТ, 2006 й., 31-32-сон, 308-модда)

Бадиий Академиянинг марказий аппарати Тошкент шаҳар Ш. Рашидов кўчаси 40-уйга жойлаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси Бадиий Академиянинг янги замонавий биносини, экспериментал ҳайкалтарошлик ишлаб чиқариш комбинатини, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 500 ўринли ётоқхонасини лойиҳалаштириш ва қуриш, шунингдек, мазкур институт ҳамда Бадиий кўргазмалар дирекциясининг биноларини тўлиқ таъмирлаш учун тегишли маблағ ажратишни 1997—1999 йиллар режасига киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу Фармоннинг бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,
1997 йил 23 январь,
ПФ-1701-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг   Қарори   

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мамлакатимиз ўзининг бой бадиий мероси билан жаҳон санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган қадимий цивилизация ўчоғи сифатида миллий бадиий анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаб келаётгани дунёнинг етакчи санъат мутахассислари томонидан эътироф этилган.

Бугунги кунда замонавий ўзбек тасвирий санъатига кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаётгани, турли йўналишларда фаолият кўрсатаётган ижодкорлар, хусусан, рассом ва ҳайкалтарошлар, халқ усталари ижодида янгича мазмун ва шакл, жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилиш тенденциялари кўзга ташланаётганини ижобий баҳолаш лозим.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳамда моддий-техник базанинг мукаммал эмаслиги, малакали кадрлар етишмаслиги бу борадаги ишларнинг самарасига салбий таъсир этмоқда.

Ўзбек тасвирий ва амалий санъати ҳамда дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, халқимизнинг ушбу нафис санъатларга бўлган эстетик эҳтиёжини қондириш, кенг йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, уларга шарт-шароит яратиш, бадиий салоҳиятини ошириш, замон талабларига мос бадиий таълим тизимини кенг йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 33 кишидан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.04.2020 й., 07/20/4688/0475-сон)

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг тузилмаси 5-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Бадиий академияси раисига зарур ҳолларда, марказий аппарат ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

  1. Ўзбекистон Бадиий академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмалар учун кенг имкониятлар яратиб бериш ҳамда ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан илғор тажрибалар алмашиш мақсадида ҳар томонлама ижодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

ижодкорлар ва истеъдодли ёшларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн анъаналарини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг (кейинги ўринларда — Бадиий ижодкорлар уюшмаси деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштириш;

тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларни, миллий ўзлигимизни англаш ғояларини тараннум этувчи юксак даражадаги ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш ва болалар санъатини ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятида бадиий таълим узвийлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлашга эришиш мақсадида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш;

Ўзбекистон маданияти ва санъатининг тараққиёти йўлида тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш;

тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини кучайтириш, бу борадаги вазифаларни амалга оширишнинг замонавий, таъсирчан усул ва шаклларини тизимли асосда ривожлантириб бориш;

Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламдаги кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биенналелар ва бошқа анжуманлар ўтказиш.

  1. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Фанлар академиясининг мамлакатимиз музейлари фондларини мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошида Бадиий экспертлар кенгашини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун 2018 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ва «Ўзшаробсаноат» АЖнинг ташаббуси билан хайрия асосида 1 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисидаги таклиф маъқуллансин.

(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5496-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.08.2018 й., 06/18/5496/1603-сон)

3-бандга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябдаги ПҚ-3325-сонли қарорига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Бадиий академиясининг раиси мақоми, моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича — вазирга, унинг ўринбосари ва бош илмий котиб — вазир ўринбосарларига тенглаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг таркиби ва Низоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

(4-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 октябрдаги ПҚ-3325-сонли қарорига асосан чиқарилган — Национальная база данных законодательства, 2017 г.)

мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги Бадиий экспертлар кенгашининг қарорига асосан сотиб олинади;

2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1,41 баробарида ойлик гонорар тўлаш тизими жорий қилинади ҳамда ушбу гонорарлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

(4-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПФ-5894-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон)

Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларига белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

  2. Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари галереяларини сақлаш харажатлари, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш харажатларини молиялаштириш манбаси этиб Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фонди (кейинги ўринларда — Фонд деб юритилади) маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

Бунда Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Фондга ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидия) ҳисобидан қопланиши назарда тутилсин.

(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.04.2020 й., 07/20/4688/0475-сон)

  1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ҳудудий галереяларда жойлаштирилишини ҳамда уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланишини таъминласин.

  2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини сотиб олиш учун зарур маблағларни 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрлари шакллантирилганда ажратилишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппаратига 2 та шахсан бириктирилган ва 1 та навбатчи хизмат автотранспорти сақлаш учун лимит ажратсин.

8-бандга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 апрелдаги ПФ-5398-сонли Фармонига асосан ўзгартириш киритилган. Рус тили матнига қаранг.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 1 ой муддатда:

Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорини қабул қилсин;

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳудудида Ўзбекистон Бадиий академияси биносини қуриш ишларини ташкиллаштирсин ва ушбу бинода рассомлар учун тажриба устахонасини ташкил этиш кўзда тутилсин.

  1. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

  2. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов зиммасига юклансин.

Ушбу қарор «Халқ сўзи» газетасининг 2017 йил 17 августдаги 162 (6856)-сонида эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 16 август,

ПҚ-3219-сон

Bolim:

Yurist

FISH:

Karimov F.S.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида

Тасвирий ва амалий санъат соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзоднинг бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган атоқли рассом ва халқ усталари хотирасини абадийлаштириш, ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар:

2020 йил октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш;

Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш;

ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловини ташкил этиш ва уни ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб бориш белгилансин.

  1. Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Ташкилий қўмита (А. Абдуҳакимов):

а) бир ой муддатда Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) 2020 йил 15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбонининг замонавий қиёфада қайта ташкил этилиши ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкалини 2022 йилда бронзага ўтказилишини;

в) 2020 йил 1 октябрга қадар Камолиддин Беҳзод ҳаёти ва ижоди ҳамда унинг Шарқ тасвирий санъатига қўшган беқиёс ҳиссасига бағишланган ҳужжатли фильмнинг тайёрланиши ҳамда марказий телеканалларда намойиш этилишини;

г) 2020 йил октябрь ойида:

«Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танловининг ўтказилишини;

Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари асарлари, хаттотлик санъати намуналари, замонавий миниатюра асарлари кўргазмаси ҳамда илмий-амалий конференциясининг ўтказилишини;

д) «Ўзбекистон замонавий миниатюраси» каталогининг тайёрланиши ва жорий йил октябрь ойида нашр этилишини таъминласин.

  1. Белгилансинки, Камолиддин Беҳзоднинг ҳайкалини бронзага ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Бадиий академиясига мазкур мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.
  2. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида:

Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда — Марказ);

олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) (кейинги ўринларда — Рассомлик маҳорат устахонаси) ташкил этилсин.

  1. Қуйидагилар:

а) Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат олий ва профессионал таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ҳамда музейшунослик йўналишлари (кейинги ўринларда — бадиий таълим йўналишлари) бўйича педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;

иқтидорли ёш профессионал санъат намоёндаларининг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, самарали педагогик технологиялар, электрон ахборот ресурсларидан кенг фойдаланган ҳолда таълим жараёнининг юқори даражада олиб борилишини таъминлаш;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириш;

бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларининг ўқув-методик базасини шакллантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш;

б) Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;

«устоз-шогирд» ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш;

тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик савияси ва маҳоратини юксалтириш;

санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарнинг юксак даражада ифода этилишига эришиш;

чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш;

юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

Марказ фаолияти 2022 йил 1 январдан, Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади;

Рассомлик маҳорат устахонаси юридик шахс мақомига эга бўлмайди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

ёш ижодкорлар Рассомлик маҳорат устахонасига стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида жалб қилинади.

  1. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Марказ ҳамда Рассомлик маҳорат устахонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
  2. Республикада тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Ўзбекистон Бадиий академиясининг юртимиз тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган атоқли ижодкор Павел Беньков номини Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
  4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин.
  5. 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгилансин.
  6. Мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Бадиий академиясига ажратиладиган маблағлар доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилсин.
  7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг асосий биноси атроф ҳудудида қўшимча ўқув биноси ва замонавий ахборот-кутубхона маркази, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб олувчи ёрдамчи бино қуриш ишлари учун зарур капитал қўйилма маблағларини назарда тутсин.

Ўзбекистон Бадиий академияси 2020 йил 1 октябрга қадар мазкур бандда назарда тутилган лойиҳа (объект) бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3219-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
  2. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  3. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2020 йил 21 апрель,

ПҚ-4688-сон

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.