loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўз ишини якунлади.

15 ноябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида II Тошкент халқаро амалий санъат биенналесининг якунига бағишланган тантанали ёпилиш маросими ва ғолибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, хориж ва юртимиз амалий санъат усталари, ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, талаба-ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Беш кун давом этган халқаро биеннале доирасида Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Тасвирий санъат галереясида республикамиз ҳамда хорижий давлатлар вакиллари иштирокида кўргазмалар ва маҳорат дарслари, Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган замонавий ва миллий либослар намойишлари бўлиб ўтди, биеннале концепциясига мувофиқ инсон ва уни қуршаб турган атроф-муҳит, табиат мавзусида ижодий ишлар намойиш этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов сўзга чиқди. — Биз биеннале доирасида хорижлик халқ амалий санъати вакиллари билан мулоқот қилдик, биргаликда кўргазмаларимизни намойиш этдик. Қолаверса биеннале давомида бўлиб ўтган илмий-амалий конференцияларда халқ амалий санъатининг бугунги асосий муаммоларига биргаликда ечим изланди, фикр алмашилди. Биеннале нафақат бетакрор санъатимизни дунёга кўрсатиш, балки дунё халқлари амалий санъатидан баҳраманд бўлиш, ўзаро мулоқот майдони яратиш орқали дўстлигимиз ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, — деди Акмал Нуридинов ва ғолибларга келгуси ишларида муваффақият тилади.

Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Дастлаб, мазкур биенналеда фаол иштироки учун бир гуруҳ ижодкор-усталар диплом ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, биенналенинг “Ўзбекистонда анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” номинацияси бўйича академик Шарофиддин Юсупов (Ўзбекистон);

“Муваффақиятли ижодий дебют учун” номинацияси бўйича Шохрух Раҳимов (Ўзбекистон);

“Тарихий либоснинг бадиий ечимидаги ўзига хослиги учун” номинацияси бўйича Нилуфар Иноятова (Ўзбекистон);

“Нафис заргарлик санъатида анъаналарни сақлаганлиги учун” номинацияси бўйича Равкат Мухаметшин (Россия);

“Интерьер дизайни соҳасидаги креативлик учун” номинациясида ҳамюртимиз Алексей Кодиров биеннале дипломи ва эсталик совғалари билан тақдирланишди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, биринчи ўрин “Иккинчи нафас” асари учун Мунира Акилова (Тожикистон);

Иккинчи ўрин “Қалғай.Ипак қанотлар” асари учун Инна Костина (Озарбайжон), учинчи ўрин “OBLIVION” арт лойиҳаси учун ҳамюртимиз Абдувоҳид Каримовга насиб этди ва биеннале статуэткаси, дипломи ҳамда қимматбаҳо эсталик совғалари билан тақдирланишди.

Тантанали маросимда биеннале иштирокчиларининг ижодий ишларини саралаш ва холисона баҳолашда кўрсатган хизматлари учун биеннале Ҳакамлар ҳайъати аъзолари: Акбар Хакимов (Ўзбекистон Бадиий академияси академиги; Ҳайъат раиси), Садибек Байсенбаев (Қозоғистон Республикаси педагогика фанлари доктори, академик, ҳайъат аъзоси), Ёшико Саито ( Япониянинг машҳур бадиий эмаль устаси, ҳайъат аъзоси) диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Биенналенинг бош мукофоти – Гран-прини Ўзбекистон ва Жанубий Корея санъат йўналишидаги малака алмашинуви лойиҳаси – Кванъян шаҳри анъанавий ўқ-ёй лабораторияси қўлга киритди. Ғолибга Гран-прини Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов топширди.

Шу билан II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ўз ишини якунлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.