loader image
Вернуться ко всем новостям

Беш ташаббусдан илҳомланиб

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус барча ижод аҳлини, ўқувчи ёшларни янада илҳомлантирди. Ҳар соҳада бўлгани каби тасвирий ва амалий санъат соҳасида ҳам ижобий натижалар қўлга киритиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси”нинг 9-10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан йўлга қўйилган “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда «Ўзбекистон манзаралари» акцияси доирасида ўтказиб келинаётган ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ҳамда пленэрларда иштирок этиш иштиёқини билдирувчи ижодкорлар сони тобора ошиб бормоқда. Айниқса соҳа мутахассислари бўлмаган бошқа касб эгалари, жумладан умумтаълим мактаб ўқувчиларининг ҳам мазкур тадбирларда фаол иштирок этаётганлари албатта қувонарли ҳолдир.

Жорий йилнинг 16 мартига қадар Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфдаги ташкилот ва муассасалар томонидан жами 20 дан ортиқ маҳорат дарслари ва учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда жами 482 нафар ижодкор, ўқувчи ёшлар иштирок этишди. Тадбирларнинг аксарияти Ўзтелерадиокомпаниясининг “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат”, “Ўзбекистон-24”, “Севимли” телеканалларида, “Ўзбекистон-24” радиоси, ЎзАнинг расмий сайти, шунингдек Ўзбекистон Бадиий академиясининг расмий сайт, Facebook саҳифаси ва телеграм каналларида кенг ёритилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли Қарорига мувофиқ мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида ҳам ижодкорлар янада шижоат билан ижод қилмоқдалар.

5 та муҳим ташаббус доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш, ижод аҳли ва ёшларни рухан қўллаб-қувватлаш, улар ижодларини доимий тарғиб қилиб бориш, тасвирий ва амалий санъатга қизиқувчилар аудиториясини кенгроқ жалб қилиш ва албатта карантин даврида ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан “UYDA QOLING VA IJOD QILING!” челленжи ташкил этилди.

Мазкур челленж доирасида Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда 770 та онлайн-машғулотлар тайёрлашда жами 915 нафар ЎзБИУ аъзолари ҳамда ЎзБА тасарруфидаги таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.  Жумладан, Тошкент шаҳри ижодкорлари томонидан 153 та онлайн-машғулот, Қорақалпоғистон Республикаси– 34 та, Андижон- 10 та, Бухоро — 39 та, Жиззах – 35 та, Навоий – 39 та, Наманган – 58 та, Самарқанд – 86 та, Сирдарё – 38 та, Сурхондарё – 118 та, Тошкент вилояти 23 та, Фарғона– 85 та, Хоразм– 4 та ва Қашқадарё вилояти таниқли ижодкорлари томонидан 48 та онлайн – машғулотлар тайёрланди.                                                                                                                                                                                                                                   Шунингдек, Бадиий академия тасарруфидаги барча таълим муассасаларда масофавий таълим олиб борилиб, унда ўқувчи-талабаларимиз жуда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Профессор-ўқитувчилар томонидан билимга чанқоқ ўқувчи-талабалари учун яратилган махсус роликлар таълим муассасаларда фаолият юритаётган педагог жамоасининг ўз ишига масъулият билан ёндашаётгани ва жонкуярлигидан далолатдир.

Устозлари ижодидан илҳомланиб, ўқувчи-талабаларнинг яратган видеороликлари мазмун жиҳатдан турлича бўлиб, ёшларимизнинг зукко ва ҳақиқий ижод соҳиблари эканини кўрсатмоқда. Мазкур роликлар орқали ёшларимиз фан, спорт, адабиёт ва санъатга бўлган қизиқишларини тўлиқ намоён этмоқдалар. Айниқса ораста қизларимизнинг дарс ва ижоддан бўш вақтларида пазандачилик ва чеварчилик сирларини моҳирона ўзлаштираётганлари ҳақидаги видео лавҳалар киши кўзини қувонтиради.

Бадиий таълим йўналиши бўйича ижтимоий тармоқларда бериб борилаётган онлайн дарслар орқали нафақат Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалар ўқувчи-талабалари, балки умумтаълим муассасалар ва бошқа тармоқ олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ҳам тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналиши бўйича ўзларига керакли кўникмаларни олишлари мумкин.

Тасарруфдаги ихтисослаштирилган санъат мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчиларининг карантин даврида Россия Федерациясида ташкил қилинган онлайн олимпиада иштирок этиб, ўз билмларини синабгина қолмай, совринли ўринларга эга бўлганликлари, ҳақиқий ижодкор ҳар жабҳада илғор эканини исботламоқда.

Халқ таълими ва Маданият вазирликлари тасарруфидаги таълим муассасаларда таҳсил олаётган ўқувчилар томонидан челленж учун махсус яратилган 5та видеороликлар алоҳида таҳсинга лойиқ.
                                                                                                                                                    Ижодкор ва ўқувчилар томонидан тақдим этилган фото ва видео лавҳалар асосида тайёрланган 5 та материал ЎзАнинг расмий сайтида, 205 та материал Бадиий академиянинг расмий сайт, Facebook саҳифаси ва телеграм каналларида ёритилди.

«Ўзбекистон-24» телеканалида Бадиий академия раиси А.Нуридинов ва Бош илмий котиб Ф.Обиджонова чиқиш қилиб, карантин даврида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ва фаолиятга оид ишлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтишди. Бундан ташқари “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Аслиддин Калонов «Ўзбекистон-24» телеканали орқали бугунги кун мавзусига муносабат билдириб, интервью берди.

Ушбу челленжда ижодкорларимизнинг иштирок этишлари нафақат коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга, балки тасвирий ва амалий санъат иштиёқмандлари учун ижод оламига виртуал саёҳат қилишга, бир-бирларини маънан қўллаб-қувватлашга, ёш ижодкорларни янада иродали этиб тарбиялашга, улар ижодини тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.