loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Атоқли рассом билан учрашув

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультети биринчи босқич талабалари учун Маҳобатли рангтасвир кафедраси профессори, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Шуҳрат» медали соҳиби Алишер Алиқулов билан ижодий учрашув ҳамда давра суҳбати ташкил этилди.Тадбир аввалида факультет декани Шихназар Жуманиязов институтда ижодий муҳитнинг шаклланишида Алишер Алиқулов, Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов, Собир Раҳметов ва бошқа кўплаб таниқли ижодкорларнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини, уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш келажакда талабаларнинг буюк мусаввир бўлиб шаклланишларида беқиёс аҳамиятга эканлигини, келгусида бу каби учрашувларни тизимли равишда ўтказилишини таъкидлаб ўтди.Шундан сўнг рассом Алишер Алиқулов тасвирий санъат соҳасига кириб келишида оиладаги муҳит, беғубор болалик йиллари, мактаб ва талабалик даври, таълим берган устозлари, ижод йўли, орттирган тажрибалари ҳақида гапириб берди.Республикамиздаги энг йирик музейларда Алишер Аликулов ижодига оид монументал асарлар ўрин олган бўлиб, бу асарлар бугунги кунда нафақат маҳаллий, балки хорижий меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.Албатта, Алишер Алиқуловнинг ижодида тарихий мавзулар катта аҳамиятга эга ва унинг ижодини асосини ташкил этади. Шу борада берилган саволга жавоб берар экан, рассом миллий тарихимизни жуда ҳам яхши кўришини, уни дунёга бор бўйича намоён этиш ижодкор сифатидаги олий мақсади эканлигини алоҳида таъкидлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.