loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!!!

Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Нурафшон шаҳрига Тошкент йўли орқали кириш қисмида ўрнатиладиган монументал стеллани яратиш бўйича ижодий танлов эълон қилинади.

Ижодий танлов ташкилотчилари:

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳокимлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси.

Танлов шартлари:

Барпо этилажак стелла лойиҳаси Нурафшон шаҳрида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини акс эттирадиган, миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни ватанпарварлик, умумбашарий қадриятларга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган, яшариш ва абадиятга дахлдорлик рамзига айланадиган бетакрор бадиий-меъморий ечимга эга бўлиши, юксак эстетик талаб даражасида яратилиши ва бадиий ғоянинг изчиллигига эга бўлиши керак. 

Ижодий танловда ижодий йўналиш бўйича мутахассис ҳайкалтарошлар, монументал санъат соҳасида ва замонавий шаҳарсозликда ҳайкалларни ўрнатиш бўйича тажрибага эга бўлган мутахассислар, бадиий таълимга ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг юқори босқич талабалари ва магистрлари иштирок этишлари мумкин.

Лойиҳа эскизларининг танловга мўлжалланган модели кўчириш ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган исталган материалдан тайёрланиши мумкин.

Танлов ўтказиладиган вақт:

Танловга тақдим этиладиган стелла лойиҳалари 2021  йилнинг              15 декабрига қадар  Ўзбекистон Бадиий академияси Ташкилий қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Манзил: Тошкент шаҳри, 100029, С.Азимов кўчаси,35-уй. Ўзбекистон Бадиий академияси биноси.

Боғланиш учун телефон рақами: (71) 232-06-75