loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Аскарлар қозоғистонлик рассомлар ижоди билан танишишди

27 октябрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисмларидан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида Қозоғистон Республикасидаги Ақтобе вилояти санъат музейи тўпламидан иборат “Оқ тепаликдаги шаҳар” номли кўчма кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этишди.

Қизиқарли экспозицияга бой бўлиб ўтган кўргазмада аскарлар қўшни республика рассомларининг тасвирий санъат асарлари билан яқиндан танишдилар. Кўргазмадан ўрин олган 24 нафар рассомнинг 70 дан ортиқ асарлари турли жанр ва мавзуларда яратилган бўлиб, колорит жиҳатидан ҳам ўзига хос бетакрорлиги билан ажралиб туради. Қозоқ халқининг тарихи, маданияти ва санъати, гўзал табиати акс этган ижодий ишлар орасида Айдар Еспаев, Алексей Верещагин, Лилия Беликова, Жанибек Есенгулов, Марат Габдрахманов, Марат Бекеев каби қозоқ рассомларининг рангтасвир ва график асарлар тўплами аскарларни ҳайратлантирмасдан қолмади.

Шу куни музей залларида меҳмонлар жуда кўп бўлди. Аскарлар нафақат кўргазма асарларини томоша қилишди, балки асар муаллифлари билан ҳам суҳбатлашиш имконига эга бўлдилар. Кўргазма сўнггида музей бўйлаб экскурсия уюштирилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг бу каби тадбирларга жалб этилиши, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган бешта муҳим ташаббуснинг амалий ижроси саналиб, аскарларнинг маънавиятини шаклланишида, санъатга бўлган қизиқишларини оширилишида муҳим аҳамиятга эга саналади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.