loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бадиий кўргазмалар дирекциясининг 60 йиллиги

Жорий йилда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекциясининг ташкил этилганига 60 йил тўлди. Ўрта Осиё ҳудудидаги махсус етакчи музей ташкилотларидан бири, юртимиз ва хорижий мамлакатларда малакали бадиий кўргазмаларни ташкил этиш билан шуғулланадиган Дирекция 1959 йилда ташкил этилгандан буён ўтган вақт мобайнида кенг миқёсда мамлакатимиздаги  музей ва галереялар билан доимий ва кўчма кўргазмалар ўтказиб келмоқда.1997 йилда Кўргазмалар дирекцияси ўзининг давлат музейи ташкилоти сифатидаги нуфузини сақлаган ҳолда, Ўзбекистон Бадиий академияси таркибига киритилди.

— Дирекциянинг фонд тўплами Ўзбекистон замонавий санъатининг энг йирик коллекцияларидан бирига эга бўлиб, ўзида 15 мингдан ортиқ турли хил замонавий тасвирий ва халқ амалий санъати асарларини жамлаган, —дейди Бадиий кўргазмалар дирекцияси директори О.Рўзиев. — Бу мамлакатимизнинг XX асрга оид ретроспектив ва антиквар санъати бой тўпламидир, бу эса ўз навбатида, рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик йўналишларида турли авлод вакилларига мансуб ижодкорларимиз меросини кўргазмалар орқали кенг намойиш этишга имконият яратади.

Дарҳақиқат, Дирекция фондида ХХ аср мобайнида номи ва мероси республикамиз халқ санъатида ғурур уйғотадиган Ўзбекистон амалий-безак санъати етук усталари асарлари тўпланган. Улар – Ғиждувон, Ғурумсарой, Риштон, Самарқанд, Тошкент, Ургут, Хоразм, Шахрисабз ва бошқа минтақалар машҳур керамика мактаблари усталари асарлари, шунингдек, ноёб каштачилик буюмлари, гиламдўзлик, анъанавий тўқимачилик, мусиқа асбоблари, наққошлик ва ёғоч ўймакорлиги санъати усталари буюмлари, бадиий шиша ва металл буюмларидир.

Дирекция ҳар йили халқаро, республика, концептуал-тематик, шахсий ва гуруҳли сингари 40 дан ортиқ кўргазмалар ташкил қилади. Шундай муҳим лойиҳалар қаторига тарихий хотира саналари, Ўзбекистон миллий байрамлари, тасвирий санъат ҳафталиги, биенналеларни киритиш мумкин.

Юбилей муносабати билан Кўргазмалар залида кўргазма ташкил этилди. Унда  дирекциянинг сермаҳсул фаолиятидан намуналар муҳрланган фотоматериаллар ўрин олди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.