loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бетакрор мўйқалам соҳиби – Сайфулло Субҳонов

  Атрофимизда шундай рассомлар борки, умр бўйи бир жанр шайдоси, ана шу жанр қувончи ва азобларини ўзига ихтиёр этади. Рассомлар борки, тасвирий санъатнинг турли соҳаларида баробар мўйқалам тебратади. Тасвирий санъат мавжуд ҳаётдан олдинлаб кетишини тақозо қилиб турган даврда, кўпчилик рассомлар сифатни, сонни орқасидан қувиб, “шахсийлик”ни ижодда йўқотиб қўйишмоқда. Сайфулла Субҳонов бутун ижоди давомида бир зумга ҳам “шахсийлик”ни йўқотмаган рассомлар сирасига кириб, унинг ижоди замон ва макон танламайди. Рассомнинг бетакрор мўйқалам соҳиби ва ижодий индивидуаллигини у яратган асарларидаги ғоявий-бадиий яхлитлик, жозиба ва эркинлик белгилаб беради.

Рассом 1942 йил 19 июлда Бухорода таваллуд топган. Рассомликка бўлган муҳаббат болакайда эрта пайдо бўлди. Ёшликда Сайфуллога шифокорлар “бронхиал астма” ташхисини қўйдилар. Рассомнинг қўлига қалам тутиб, тасвирлар яратиши, санъатга бўлган муҳаббати уни бу хасталикдан  тузалиб кетишига ёрдам берди.

Мусаввирнинг тасвирий санъатга кириб келишига тўхталадиган бўлсак, 1960-йилларида Сайфулло Субҳонов Бухоро шаҳрида «мўйқалам устаси» деган номга сазовор бўлади. Тасвирий санъатга ҳавас Сайфуллони Тошкентдаги Беньков номидаги рассомчилик билим юртига етаклайди. Талаба у ерда билим олишни мусаввирлик алифбосидан бошлайди, аста-секин мустақил равишда китоб мутолааси ёрдамида ўз диёри ҳамда жаҳон мусаввирлари ҳаёти, ижодий фаолияти билан яқиндан танишади. Шунингдек, ўз тўқимаси, дунёқараши даражасида ўзи ҳам бир қанча асарлар яратишга муваффақ бўлади.

Рассомнинг ижодий услубига унинг устозлари катта таъсир кўрсатишган. Сайфулло Россиянинг марказий шаҳарига боради. «Крокодил» журналининг бош рассоми Евгений Шукаевнинг Бош муҳаррирга таклифи билан  рассом-ходим вазифасига ишга қабул қилинади. Сайфулло Субҳонов учун графикада ўз йўлини топишда айниқса,  график рассом Виталий Николаевич Горяев, Евгений Медведев, Евгений Шукаев,  Леонид Сойфертиснинг ижод намуналари – ўзининг катта таъсирини ўтказди.

Ёш рассом ўзлигини топиб, ўз йўлини аниқлаб олиш учун ҳар бир кун, ҳар дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланишга, атрофидаги жаҳон таниган тасвир усталарининг тажрибаларини ўзлаштиришга ҳаракат қилди.

«Муштум» журналида ишлаб юрган кезларида унга яна бир бора бахт кулиб боқади. Шу даврда республикамизнинг профессионал ҳажвчи рассомлари Воробейчиков, Синицкий, Мальт, Жуков ва ниҳоятда иқтидорли сатирик рассом Тельман Муҳамедов шу ерда ишлар эди. Сайфулло бу кунга келиб 60-70 йилларни эслар экан, шу буюк устозлар даврасида унинг ҳам қалам тебратишини рассом учун бир илҳом онлари эди».

Сайфулло Субҳоновнинг 80-йиллардаги изланишларида давр руҳи, ўша йиллардаги адабиёт, санъат руҳи мавжуд, китобларда ишлаган иллюстрацияларда бевосита ёзувчининг фикрлаш дунёси орқали у ҳикоя қилган, тафсил берган воқеалар туғёнига кириб, ўша давр руҳини ўзида сингдира олган. Рассомни акварел, гуаш, пастел техникаси майин декоративлиги, чизиқларнинг нафислиги билан ром этади.

Сайфулла Субҳонов асосан график рассом бўлишига қарамай лекин унинг айрим манзаралари рассомнинг табиат кўринишларидаги турли-туман ўзгаришлар, ҳолатлар ва ҳодисаларни чуқур илғаб олувчи рассом эканлигини кўрсатади. Мусаввирнинг манзарали ишлари фалсафий характердаги содда ва аниқ  яхлитликка эга бўлиб, уларда нур-соя, ранг ва шакл уйғунликни ташкил қилади “Тоғлар” (1990), “Қизил дараҳт” (1990), “Чорвоқ” (1994), “Оқтош” (1995), “Баҳор” (1998), “Бричмулла” (1999). Рассом колоритлардан фойдаланиш, тасвир техникаси борасида  индивидуал характерга эга бўлиб, ҳаётнинг барча гўзаллиги ва қувончларини ёрқин кўринишда очиб беришга интилади. “Қуёшли кун” (1985), “Одам ва табиат” (1985) мусаффо табиат рассомнинг шахсий стилизация услуби орқали, қувонч ва романтик кайфиятни ифода этади. Cайфулло Субҳонов ёшликка хос шижоатини сақлаб, ўз ижодий йўналишига эга бўлиб, ўзига хос рассом сифатида шаклланди. Унинг асарлари бу рассомнинг мураккаб ижод йўлини акс эттиради.

Сайфулло Субҳонов “Муштум” журнали муҳаррири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мирмуҳсин билан.

Рассомнинг  “Хамса” асарига яратган туркум асари, ундан олдин яратган мусаввирлар ишидан бутунлай фарқ қилиб, рассомнинг ўзига хос стилизация услуби орқали, композицион тузилиши жиҳатидан, ёрқин колорити билан эътиборни тортади. Мусаввир ўз асарларида ўз Навоийсини, унинг руҳиятини топишни ҳаракат қилди. “Хамса” асаридаги мазмунни чиқариб, уни Навоий даврининг руҳияти билан бугунги кун тасвирий санъати руҳиятига чамбарчас боғлаш бу рассом олдидаги асосий мақсад бўлди. Бу жуда катта масъулият бўлишига қарамай, Сайфулло Субҳонов бунга эришди. Асар Субҳоновга хос усул орқали, моҳирлик билан ишланиб, рассом ниятини жуда яхши очиб берган. Асар ҳам мавзуи, ҳам композицияси жиҳатидан рассом ижодининг ёрқин сахифаларидан бирини ташкил этади.

2000 йилларда рассомнинг ижодхонасида қизғин иш кетади. Кўплаб рангли эскизлар, композицияларнинг ҳомаки нусхалари, катта бўлмаган картонлар ва холстда бошланган ишлар рассомнинг кенг миқёсдаги изланишларини намойиш этади. Ижодининг сўнгида рассом янги тасвирий кашфиётлар арафасида турган эди. Ижодининг бу даври ғояларнинг дадиллиги билан эътиборни жалб қилади. Афсуски рассомнинг мазкур изланишлари якунига етмади.

  Рассом қаламига мансуб рангтасвир ишлари орасида, айниқса, “Оналик” (2002) картинаси диққатимизни тортади. Унда нафис қўллари билан ўғлини бағрига босаётган она тасвирланган. асар композицияси  ўзига хос фалсафий – поэтик кечинмалар, ўткир лирикага йўғрилган бўлиб, гўёки бу картина орқали рассом ўз онасига бўлган чексиз муҳаббатини изҳор этишга ҳаракат қилган

Мусаввир томонидан танланган ёрқин колорит ва ўғилнинг беғубор нигоҳи асар таъсирини янада кучайтиради.  Рассом ижодида лирик ва фалсафий қарашлар барча асарларида намоён бўлади. Асарлари колорити рассом руҳий ҳолатининг таъсирида яратилганлиги яққол намоён бўлади. Сайфулло Субҳонов ижоди ўзининг теран фикрлилиги билан бир қаторда лирик кайфиятлилиги билан ўзига жалб этади. Чунки, колоритлардан фойдаланиш, тасвир техникаси борасида бу рассом индивидуал характерга эга.

Ўзбекистон тасвирий санъати оламига ХХ асрнинг 1960–1980 йилларида «Муштум» журнали саҳифалари орқали кириб келган рассом ижоди ҳозир ҳам томошабинлар эътиборида. 2022 йил 4 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси “Академия” галереясида рассом таваллудининг 80 йиллигига бағишланган кўргазма ва рассом ижоди ҳақида нашр этилган каталог тақдимоти бўлиб ўтди. Рассом асарлари нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам сақланмоқда.

Бетакрор мўйқалам соҳиби-Сайфулло Субҳонов дунёни мустақил мушоҳада этиб, шахсий  ҳақиқатини яратишга интилган рассомлар сирасига киради. У турли даврлардаги ўзгарувчан вазиятларга қарамай, ижодий ўсди, фақат ўз қалбига, ўзининг исёнкор шахсига таяниб, асарлар яратди.

Манушак АРУШАНОВА, санъатшунос

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Абдували Эгамбердиев “Бадиий-танқидий этюдлар” монография. ЭССЕ. Тошкент-2012 91-бет
  2. Шукур Дадаш “Икки дил дафтари” “Истиқлол” нашриёти. Тошкент-2022. 8-11 бетлар

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.