loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Беҳзоднинг мафтункор олами

Шарқ халқларининг муштарак ифтихори, беназир мусаввир бобокалонимиз Камолиддин Беҳзод ўзидан энг гўзал ва ранг-баранг миниатюра асарларини мерос қолдирган.

Тарихий манбалар буюк рассомнинг истеъдодли шогирдлари Қосим Али Чеҳракушо, Маҳмуд Музаҳҳиб, Мулло Дарвеш, Дўсти Девона, Ока Мирак, Муҳаммадмурод Самарқандий сингари мусаввирлар Беҳзод миниатюра мактабидан бевосита сабоқ олиб, унинг илғор анъаналарини муваффақият билан Табриз, Бухоро, Усмонли Туркия ва Ҳиндистонда давом эттирганидан дарак беради. ХХ аср бошларида Беҳзод ижоди Ғарб тасвирий санъатига ҳам катта таъсир кўрсатади.

Европа уйғониш даврининг буюк ижодкорларидан ХХ асрнинг йирик рассомларигача, жумладан, Густав Климт, Каземир Малевич, Василий Кандинский кабилар ўрта аср Шарқ миниатюра санъати анъаналаридан илҳомланганлар. Шу жиҳатдан, Шарқ Рафаэли – Камолиддин Беҳзод Шарқ ва Ғарб ижодкорлари-ю олимлари эътиборида бўлган.

Буюк мусаввирнинг ижодига бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб қизиқиш ортиб бормоқда, ўрганилмоқда, тадқиқ этилмоқда. АҚШнинг номдор “Redux Extra” журналида чоп этилган Лорел Виктория Грейнинг “The Enchanting World of Bekhzad” – “Беҳзоднинг мафтункор олами” номли мақоласи ҳам бундан далолат беради.

Муаллиф ўз мақоласида Камолиддин Беҳзодни Мовароуннаҳр ва Хуросонда ХV асрдаги Ренессанс даврининг буюк вакилларидан бири, дея тилга олади, ҳаёти ва ижоди, қолдирган мероси, дунё цивилизациясида тутган ўрни ҳақида маълумот келтиради.

Муаллиф мақолада буюк мусаввирнинг номи Ўзбекистонда абадийлаштирилгани, унинг беқиёс ижодий меросини ўрганиш, миллий миниатюра санъати анъаналарини давом эттириш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ташкил этилгани, бугунги кунда фондида ноёб экспонатлар жамланган ушбу музей Беҳзод меросини ва Шарқ миниатюраси, хаттотлик, наққошлик ва китобот мактаблари тарихини кенг оммага етказиш, уларнинг энг яхши нусхаларини йиғиш, тарғиб қилиш баробарида миниатюра мактабининг янги авлод вакилларини тарбиялашга ҳисса қўшиб келаётганига урғу беради.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.