loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Битирувчиларнинг ҳисобот кўргазмаси

Бугун 12 май куни Ўзбекистон Бадиий Академияси Тошкент Фотосуратлар уйида ТФУ қошидаги Ижодий фотосанъат мактаб-студияси битирувчиларининг 29-ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тақдим этилаётган фотоасарларда мафтункор манзаралар, ижодкорларнинг теварак-атроф ва табиатга бўлган муносабатлари, уларнинг қизиқишлари намойиш этилади. Кўргазма мактаб-студиянинг
29-битирувчилари таҳсилининг якуний самарасидир. Мактаб-студияда талабаларга Ўзбекистоннинг етакчи фотоусталари ва истеъдодли устозлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Фоторассомлар шўъбаси” аъзоси Искандар Содиқзода 3 ой давомида сабоқ бериб, касб сир-асрорларини ўргатиб, назарий ва амалий билимларини берган.

Фотосуратларда табиат, инсон ва борлиқ тушунчалари, маиший, натюрморт, манзара ва шаҳар кўринишлари, портрет жанрлари  талқин этилган. Ҳар бир талаба ўзини қизиқтирган мавзу, ҳолат ва жанрларга устозлар сабоғи ва насиҳатларига биноан композицион ечими ва ранглар уйғунлигига амал қилган ҳолда ёндашган. Ижодий изланишлари, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини кўрсатишга ҳаракат қилишган.

Бўлажак фотосуратчилар ишлари ўзига хослиги билан бир-биридан фарқланиб туради, уларнинг ижодга мойилликлари, изланишдан чарчамасликлари билиниб туради. Улар теварак-атрофга, миллий ва умуминсоний қадриятларга бўлган қизиқишларини, инсоннинг ички оламини, унинг ҳиссиётларини, ҳайвонот ва қушлар оламининг ўзига хос жиҳатларини кашф этадилар.

Экспозицияда мактаб-студиянинг 5 нафар иштирокчиси 105 та фотоишларини намойиш этдилар.

Кўргазмага ташриф буюрган томошабинлар янги истеъдод соҳибларининг дунёқарашлари билан танишиб, уларга баҳо бериш имкониятига эга бўладилар.

Тадбир сўнгида битурвчиларга мактаб-студияси сертификатлари тантанали равишда топширилди.

Ижодий фотосанъат мактаб-студияси  Ўзбекистон Бадиий Академияси Тошкент Фотосуратлар уйи қошида ташкил этилганига 15 йил бўлди. Бугунги кунда у Ўзбекистонда фотография санъатини ўрганиш бўйича кучли мактаблардан бири саналади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.