loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Боқий гўзаллик

Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ифтихори  Игорь Савицкийнинг  ўлкада маданият ва санъат ривожига қўшган мислсиз ҳиссасининг бир жиҳатини унинг устозлик фаолияти, рассомларнинг янги авлодини ўз атрофида бирлаштиргани билан изоҳлаш мумкин.

Ўтган асрнинг 50-йилларида Савицкийнинг ташрифи билан Қорақалпоғистонда тасвирий санъатнинг ўзига хос мактаби шаклланди. Мусаввирнинг атрофида бирин-кетин Омонкелди Утегенов,  Бозорбой Серекеев, Қодирбой Соипов, Жолдасбек Қуттимуродов, Дарибой Туриниязов сингари ўнлаб маҳаллий ёш рассомлар тўпланиб, ижодда унинг изидан борди.

 Улуғ санъаткор сабоғини олган мазкур авлод бугунги кунда ўзбек ва қорақалпоқ санъатида ўзининг мустаҳкам ўрни ва ижодий йўлига эга. Ўзбекистон  халқ рассоми, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Бозорбой Серекеев ўша даврда камол топган издошларнинг бири. У санъатда босиб ўтган йўли, муттасил меҳнат ортидан эришган тажрибаси, минтақа маданиятига қилган хизматлари билан бугунги авлод учун устоз мақомидадир.

Бозорбой Серекеев 1942 йили Қорақалпоғистоннинг Кегейли шаҳарчасида таваллуд топган. 1969 йили П.Беньков номидаги рассомлик билим юртини тамомлаган.  70-йиллардан ижодий майдонга кириб келган Серекеев дастлабки ишлари билан Савицкийнинг  эътиборига тушади. Нукусдаги кўргазмаларнинг бирида Савицкий у билан танишиб, истеъдодини эътироф этади. Унинг бир неча картинасини сотиб олиб, ўз устида кўпроқ ишлашга даъват  қилади. Катта рассомнинг эътибори Серекеевнинг ижодига сезиларли таъсир кўрсатади. У асарларида борлиқни акс эттиришнинг  муайян индивидуал шаклларини ахтаради. “Набира”, “Кўрпача тикувчи ҳунарманд”, “Чўпон”, “Менинг бобом” каби дастлабки ижод намуналарида тематик жиҳатдан халқчиллик, ҳаётийликка интилиш билан бирга тасвирий жиҳатдан шаклий-услубий жиҳатдан изланишлар ҳам кўзга ташланади. Бора-бора у қўллаб кўрган мозаикали тасвир усули  мавзу билан уйғунлашиб, унинг мустақил дастхатига айланади.

Серекеев тўхтовсиз ижод қилиб, маҳаллий ва хорижий кўргазмаларда иштирок эта бошлайди. Жумладан, Москва, Уфа, Махачкала шаҳарларида ўтказилган кўргазмаларида асарлари намойиш этилади. Серекеев қорақалпоқ халқининг  турмуш тарзи, анъаналарию табиатини тасвирлаб, ўзига хос реалистик услубни эгаллайди. “Ёш дуторчи” (1971), “Оила” ( 1972), “Кошма ҳунармандлари” (1973) каби машҳур асарлари айни шу даврда пайдо бўлади.

Рассомнинг импрессионистик рангтасвирга қизиқиши ортганини 1980-1990-йилларга  оид асарларида кузатиш мумкин. “Қайноқ ҳаёт”, “Ҳунармандлар”, “Сарёғ олаётган қиз” каби оддий инсонлар ҳаётининг лавҳалари акс этган картиналар рассом бадиий нуқтаи назари билан нафис, айни пайтда ҳаётбахшлик ва жўшқинлик уфуриб турган санъат асарига айланган.

Амалий санъат ҳам Серекеев ижодининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Серекеев асарларининг  асосий манбаи халқ турмуш тарзи ва анъаналари бўлиб, уларни нафақат дастгоҳли рангтасвирда, балки амалий-декоратив  санъатнинг турфа усулларида ҳам ифодалай бошлайди.  Хусусан, қовоқ юзасига сурат ишлаш Серекеев ижодида алоҳида ўрин тутади.  У санъатнинг бундай турини Республикада биринчилардан бўлиб бошлаб берган уста ҳисобланади. Қовоққа ишланган асарларида халқона мавзулар ва фольклор сюжетларига мурожаат қилади. Рассомнинг қовоққа ишланган  ва мозаикали асарлари хорижий мамлакатларда айниқса машҳур. “Қорақалпоқ келини”,”Мусиқа”, “Орол денгизи балиқлари” каби асарлари шулар жумласидан. Бу картиналар бадиий мазмундорлиги билан қорақалпоқ амалий санъатининг ёрқин намуналари бўлиб қолмоқда.

Серекеевнинг дастгоҳли рангтасвирдаги асарлари кўпжанрлилиги билан ажралиб туради. Унинг ижоди тематик, ландшафт, натюрморт, портрет, маиший жанрларни қамраб олган. Улар орасида тематик асарлар етакчи ўринда туради. Асосий қаҳрамонлари эса меҳнат билан машғул оддий қишлоқ одамларидир. Шунингдек, рассомнинг ранглар товланиши, сояларнинг мураккаб тизимини яратишдаги эркин техникаси, картиналаридаги кенглик ва ритм индивидуал характерга эга.   Бугунги кун қорақалпоқ рассомлари унинг мазкур техникасидан унумли фойдаланмоқда.

Чинакам санъаткорлар ҳеч қачон кексаймайди. Йиллар уларнинг жисмига, ҳаёт тарзига ўз ҳукмини ўтказиши мумкин. Лекин ғайрати, илму илҳомига дахл қилишга қодир эмас. Бозорбой Серекеев умрини юрт манзаралари, юртдошлари ҳаётини тасвирлаш билан ўтказди, рассом сифатида ўз касби ва миллати олдидаги миссиясини муносиб адо этишда ҳануз давом этмоқда. “Орол фожиаси”, “Баҳор шамоли”, “Чиғир”, “Иссиқ дашт”, “Чимён.Куз”, “Лирика” каби сўнгги  даврда яратилган   асарларида унинг  мангу бойлиги – ватанга муҳаббати ва табиат туҳфа этган маҳоратини кўришимиз мумкин.

Ҳозирда Бозорбой Серекеев асарларининг 88 таси Савицкий номидаги Нукус давлат музейидан, бошқа кўплаб асарлари Тошкент, Осиё, Африка ва Европа мамлакатларининг қатор галереяларидан муқим жой олган.

Мухтор РЕЙМОВ,

Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти магистранти  

“Jahon adabiyoti” журналининг 2021 йил 1-сонидан олинди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.