loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Таниқли ўзбек ҳайкалтарошидан қимматбаҳо туҳфа

27 сентябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бронзадан ишланган ҳайкали тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан кўҳна ва навқирон Самарқандда таваллуд топган, бугунги кунда Буюк Британияда яшаб, қизғин ижод қилаётган ҳамюртимиз Юнус Сафардиёр пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейига бобокалонимизнинг бронза ҳайкалини туҳфа қилди.

Кўҳна ва навқирон Самарқандл  шаҳрида 1968 йилда истеъдодли ўзбек ҳайкалтароши Юнус Сафардиёр дунёга келди. Унинг ижодини нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида маданият ва санъат соҳасидаги ажойиб ютуқ, деб ҳисоблаш мумкин. Юнус болалигидан санъатга меҳр қўйди. 13 ёшида Тошкентдаги иқтидорли болалар республика бадиий мактаб –интернати (ҳозирги Бадиий академия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган  санъат мактаб-интернати) га ўқишга кирди.

 Ю. Сафардиёр рассом сифатида ривожланиб, замонамизнинг энг сермаҳсул ҳайкалтарошларидан бирига айланди. 1984 йилда Санк-Петербургдаги И.Репин номидаги давлат рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура академиясига ўқишга кирди. Ижодкор сифатида шаклланиши ва ривожланишига, ўқитувчи ва мураббийлар, жумладан, О.Комов ва М.Аникушин сингари академиклар катта таъсир кўрсатади. Уларнинг тарбияси туфайли  Юнус 1985 йилда собиқ иттифоқ Бадиий академиясининг кичик олтин медалини олди. 1993 йилда  Юнус И.Репин номидаги давлат бадиий академиясини ҳайкалтарошлик йўналишида олтин медаль билан тамомлади. 1993 йилда ҳайкалтарош Лондонга кўчиб ўтди.

1986  йилдан  бери  халқаро кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси, Россия, Буюк Британия, АҚШда кўплаб шахсий кўргазмалар ўтказиб келмоқда.

Юнус Сафардёрнинг муваффақиятига авангард ишлари эмас, балки академик ишлари сабаб бўлди. Унинг санъатида вақт ва макон қамрови жуда кенг,чегара билмайди.

Юнус Сафардиар мис, тош, ёқут, бронза, кумуш, ёғоч каби материаллар билан ишлайди. У иш учун – этник ва мифологик, тарихий, лекин асосан портретлар ва композициялар, классик анъаналарда ва янги технологиялар ёрдамида турли мавзуларни танлайди.

Россиянинг Новосибирск ўлкасида Ю.Сафардиёрнинг “Сибирнинг забт этилиши” ҳайкалининг ўрнатилиши аэропортни “санъат порти”га айлантириш йўлида қўйилган қадам бўлди. Маълум сабаблар билан кечиктирилган парвозни кутиб чарчаган йўловчи учун бу жуда муҳим, яъни санъат парвоздан олдин ёки кейин ортиқча ташвишдан халос бўлишга ёрдам беради.

 Ижодкор ҳайкалта-ошликда янги хом ашёлар билан тажриба ўтказишни яхши кўради. “Технология доимий ривожланишда, ўзгариш тезлиги ҳам доимий равишда ошиб бормоқда”, дейди Юнус Сафардиёр.

Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабатибилан ҳайкалтарош Темурийлар тарихи давлат музейига Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини совға қилди. “Ушбу ҳайкал улуғ саркарда,давлат арбоби, шоир Заҳириддин Бобурнинг юрти, менинг ҳам юртим бўлган Ўзбекистонга чин қалбимдан қилган туҳфамдир”, дейди ҳайкалтарош. Бу ҳайкалда от устида чиройли ўтирган Бобурнинг ўнг томонида шоҳ ва саркарда жасоратини англатувчи қилич бор. Образнинг умумий шакли талқинида Бобурнинг аниқ кўриниб турган хатти-ҳаракати, ўзига бўлган ишончи яққол кўзга ташланади. Ҳайкалтарош, бир томондан, дастгоҳ  ҳайкалтарошлигининг замонавий тенденцияларига содиқлигини, иккинчи томондан, пластика воситасида қўмондон образини шоирона тасвирлаш истагини намойиш этади.

Юнус Сафардиёрнинг нафақат бу иши,балки барча асарлари ижро маҳорати, кучли фантазияси билан ажралиб туради. Пластик санъатдаги маҳорати туфайли у ўз мақсадига эришди ва жаҳон замонавий санъатида муносиб ўрин эгаллашга муваффақ бўлди. Бугунги кунда унинг асарлари Россия Бадиий академияси, Буюк Британия, АҚШдаги коллекцияларда сақланади.

Бобокалонимиз Бобурнинг ушбу мўъжаз ҳайкали юртимизга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлари вазирлиги, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида келтирилди.

Тадбирда  мазкур қимматбаҳо туҳфа Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Темурийлар тарихи давлат музейига топширилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.