loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Вақт, инсон ва тафаккур»

Тошкент фотосуратлар уйида  рангтасвирчи рассом,  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Азизахон Маматованинг шу номли шахсий кўргазмаси очилди. Ўзбекистон рангтасвирида, хусусан, портрет жанрида ижод қилувчи рассомлар орасида Азизахон Маматованинг ўз ўрни бор, асарлари Ўзбекистонинг қатор музейларида сақланади. «Саховат» , «Шоира Ҳалима Худойбердиева», «Кибриё Қаҳҳорова»,  «Ёзувчи Ойбек», «Зарифа Саидносирова», «Шоҳ Мирзо Бобур»,  «Абдулла Қодирий», «Ғайбулло Ас-Салом» ва «Ёш Нодирабегим», «Ўғлим билан автопортрет», «Бернара Қориева Анна Каренина образида», «Адиб Чингиз Айтматов» ва бошқа асарлари санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган. Мусаввира 1994 йилда «Туркистон алломалари» туркум портретлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлди. 2012 йилда Ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллигига бағишлаб рассомнинг «Вақт ва инсон» номли кўргазмаси томошабинлар этиборига ҳавола қилинди. Шу мунособат билан Хушруя-Азиза Маматова юксак ижоди учун Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали билан мукофотланди. Муссавира улуғ алломаларимиз, мутафаккирларимиз сиймосини тиклашда катта хизмат қилиб келмокда. Унинг Абу Али Ибн Сино, Машраб, Мирзо Бобур, Усмон Носир, Абдулҳамид Чўлпон, Ойбек, Ғайбулла ас-Салом портретлари бу улуғ сиймолар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг руҳий дунёсини ифодалашда муҳим ўрин эгаллайди. У ҳар бир шахсга хос хислатлар, хусусан улуғворлик ва индивидуалликни ранглар воситасида ифодалай олади.  Азиза Маматова яратган портретларда муаллифнинг ватанпарварлик туйғулари, ўзи яратаётган сиймоларга меҳр-муҳаббати ёрқин ифодасини топган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.