loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Давра суҳбати бўлиб ўтди

Бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Амалий санъат ва дизайн факультетида фаолият олиб бораётган аёл профессор-ўқитувчилар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Институт ректори А.Мирзорахимов томонидан институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва таҳсил олаётган талабаларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, айниқса, хотин-қизларнинг манфаатларини юқори даражада ҳимоя қилиш, уларга меҳнат фаолияти ва ўқиш жараёнларида муносиб шароитлар яратиш бўйича топшириқ берилди.

Тадбир аввалида Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Дилафрўз Қурбонова ушбу топшириқ ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, ушбу давра суҳбатидан асосий мақсад аёлларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаш, улар кундалик ҳаётда ва иш жараёнида дуч келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда биргаликда ушбу муаммоларнинг ечимини топиш эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўз навбатида, профессор-ўқитувчилар ҳам фикр билдирар экан, ушбу даргоҳда фаолият юритаётган ҳар бир инсон бир-бирига опа, сингил ва дўст бўлиши лозимлигини, ҳаётида содир бўлган ҳар қандай қувонч, ташвиш ва муаммо ҳақида яширмасдан айтиши, биргаликда бу муаммонинг ечимини топиш мумкинлигини таъкидлашди. Бунда айниқса, ёши улуғ устозларнинг ҳаётий тажрибаларига таяниш кераклиги айтилиб, ёши улуғ устозларнинг тажрибасини улашиш учун бу каби мулоқот давомий бўлишига келишиб олинди.

Бундан ташқари, аёллар учун турли саёҳатлар уюштириш, спорт мусобақалари сонини ошириш ва бу ерда фаолият юритаётган аёлларнинг муаммоларини ҳал қилишга қаратилган «Психолог кенгаши»ни тузиш ҳам таклиф этилди.

Шунингдек, институт психологи томонидан, бугун аёлларни қийнаётган мавзулар юзасидан сўровнома ҳам ўтказилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда хотин-қизларни жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар учун таълим олишлари, самарали меҳнат қилишлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Ўз навбатида, ҳар бир аёл ушбу имкониятлардан фойдаланиши ҳамда ўз меҳнати орқали юксак марраларни забт этиши лозим. Бунинг учун уларда куч ва имконият етарли.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.