loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Доимий изланиш, интилиш – муваффақият калити

«Карантин даврида ижод» лойиҳасига

Юртимизда коронавирус пандемиясига қарши эълон қилинган карантин даври рассомлар учун ҳам ўзига хос синов бўлди. Аксарият рассомларимиз буни имконият билиб, ижодга шўнғиди, яна баъзилари вақт тополмаётган ишларини тугаллаб олаяпти.

Танилиб бораётган сирдарёлик ёш рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Севара Қосимова ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Севаранинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ижод намуналарини бирин-кетин намойиш қилиб бораётгани бундан далолат беради.

Рассом билан суҳбатимиз айнан шу – коронавирус пандемияси шароитида ижод қилиш мавзусида бўлди.

— Севара, ижодингиз билан яқиндан танишмиз. Ғайратли ижодкорсиз. Карантин даври кўпчиликка ҳар хил таъсир қилди. Айниқса, ижодкорларга. Рассом сифатида нималарни ҳис қилдингиз?

— Коронавирус пандемияси ҳақидаги хабарлар мени ҳам бефарқ қолдирмади, албатта. Юртимизда тиббиёт соҳаси яхши ривожланган,малакали шифокорларимизнинг фидокорона меҳнати билан вазият анча яхшиланмоқда. Ҳаётда доим тушкунликга тушмай, оптимист бўлиш керак. Бу кунлар ўтиб кетади.

Инсон вақтни йўқотаётганини ҳис қилса, бекор бўлишга йўл қўймайди. Кўплаб ижодкорлар сингари мен ҳам карантинда уйда қолиб, вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдаман. Бу вақт мобайнида бир нечта тугалланмаган ишларимни ишладим ва ҳозирда қизғин ижод билан бандман.

— Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизда намойиш қилган «Оналик» номли навбатдаги асарингиз кўпчиликка маъқул бўлди ва олқишлар олдингиз. Асар ҳақида гапириб берсангиз…

— Бу асар композициясини анчадан бери хаёлимдан ўтказиб юргандим. Карантинда бу асаримни яратишга вақт бўлди. Унда синглим ва унинг турмуш ўртоғи ҳамда ширингина жиянимни тасвирлаганман. Асаримда оналик меҳрини, муҳаббат ришталари билан турмуш қурган ёш оиланинг бахтли, ширин онларидан бир парчани кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу композицион портретни яратишга икки ҳафта вақт кетди. Ижодий ишим кўпчиликка маъқул келганидан жудаям хурсанд бўлдим.

— Портрет жанридаги асарларингиз тез танилиб бораяпти. Бу жанрда ишлашингиз боиси ва айнан шу жанрдаги ишларингиз муваффақияти сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

— Менга бошқа жанрларда ҳам ишлаш ёқади. Лекин ҳар доим ҳам табиат қўйнига чиқиб, ижод қилишга вақт тополмайман. Портрет жанрида эса имкониятим кенгроқ. Яқинларим, кўплаб таниқли санъаткорларнинг ҳам образларини яратдим. Кўнглим инсоннинг қалбан гўзаллиги, кўзларидаги жозиба, ҳиссиётлари, онахонларнинг файзли, нурли қиёфалари тасвирини яратишга кўпроқ чопади. Буюк рассомларнинг ушбу жанрдаги ижодини кузатиб, улар қўллаган услубларни, инсон руҳиятини ўрганишга ҳаракат қиламан, чунки бу ижодий қобилиятни оширади, билимни бойитади. Ўз устида доимий ишлаш, изланиш муваффақият калити, деб ўйлайман.

— Анча йиллардан бери педагогик фаолият билан ҳам шуғулланасиз. Ўқитувчилик ижодингизга таъсир қиладими? Талабаларингиз образини яратганмисиз?

— Ўқишни тамомлаганимдан сўнг, иш фаолиятимни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бошладим. Дарсим мутахассислик фани бўлганлиги боис, устоз-шогирд анъаналарига таяниб иш олиб борилади. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, олиб тупроқгаму кетгумдир охир” деб таъкидлаганидек, биз ҳам устозларимиздан олган билимларимизни ёшларга ўргатиб боришимиз керак. Ўқитиш жараёни ўқитувчидан доим изланишда бўлишни, ўз устида мунтазам ишлашни талаб қилади. Шунинг учун ҳам дарс бериш ижодий томонлама рассом маҳоратини оширади. Ҳозирча талабаларим образини яратганим йўқ, балки кейинчалик бўлар.

— Карантин даврида ижод қилиш осон эканми? Умуман рассомнинг яхши ижод қилишига нималар зарур?

— Энг аввало, рассомнинг яхши ижод қилишига тинч шароит керак. Аёл рассом учун эса уни тушуна оладиган оилавий муҳит муҳим аҳамият касб этади. Ҳар йили институтда санъат, рассомлик соҳасида жуда кўп қизлар ўқишни тамомлайди. Лекин, ижодкор бўлиш, касбини давом эттириши учун аввало, ота-онаси, оила қурганидан кейин эса турмуш ўртоғи тушуниб, унда бор истеъдодини қўллаб-қувватлаши лозим, деган фикрдаман. Ижод қилишга оилада муҳит яратиб берилса, аёлларимиз ҳам  ижодий баркамолликга эришади. Албатта, бу борада менинг оилам ижодимга хайрихоҳ ва ҳар доим қўллаб–қувватлайди.

Билишимча, карантин даврида рассомларимизнинг ижод қилиш, ўз устида ишлашига имкон бўлди.

— Сиз рассом бўлсангиз-да либос дизайни факультетида дарс берасиз. Либосларга қизиқасизми? Умуман олганда ижодингизга боғлиқлиги борми?

— Либос дизайни факультети ҳам қаламтасвир ва рангтасвир мутахассислик фани ҳисобланади. Ёшлигимда онамнинг тиккан либосларни кўриб либос дизайнига қизиқиш уйғонган. Оиладаги муҳит сабабли ёшлигимда кўпроқ либос чизишга қизиқардим. Кўпроқ портрет жанрида ижод қилганлигим учун либос дизайнида дарс беришим ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман. Чунки, образни яратишда либосига ҳам аҳамият бериш керак.

— Келгуси режаларингиз…?

— Режаларим кўп. Бир қанча янги асарларим учун эскизлар чизганман, уларни яратмоқдаман. Йил охирида шахсий кўргазмамни ўтказиш ниятидаман.

— Карантин даврида ушбу лойиҳани амалга оширишимиздан кўзланган мақсад ҳам ижодкорлар билан мухлислар мулоқотини давом эттириш эди. Ўйлайманки, бугунги суҳбатимиз орқали кўпчилик тасвирий санъат мухлислари сизни янада яқинроқ таниди.

— Биз доим халқимиз учун хизмат қиламиз, асар яратамиз ва ҳар қандай вазиятда ҳам умид, ишонч сўнмаслигини тилаймиз. Зеро, санъатда фахр-ифтихор билан тилга оладиган буюк мерос давомчиларимиз биз.

Суҳбатни санъатшунос Гавҳар Саодатова
олиб борди

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.