loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Дўстлик жамиятлари: кеча ва бугун

БМТ Бош ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланиб келинади.Бу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган. Бу йили ҳам халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 15-20 ноябрь кунлари юртимизда Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилмоқда.

Ўзбекистон бугун бутун дунё мамлакатлари учун бағрикенглик намуналарини ўзида мужассам этган давлат сифатида намуна бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг бу кўп асрлик тажрибаси ўзбек миллатига хос бағрикенглик хусусиятлари Марказий Осиё ва бошқа ривожланган мамлакатлар учун андоза бўлиб хизмат қилади деб айта оламиз.Бағрикенглик ҳафталиги дастури доирасида 18 ноябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси ва Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида “Дўстлик жамиятлари: кеча ва бугун” номли фотокўргазма ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари, Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Зехавит Бен-Гилель, Тошкент фотосуратлар уйи ҳамда дўстлик жамиятлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этишди.Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан бу каби кўргазмалар Ўзбекистонда дўстлик жамиятларига яратилган шарт-шароитларнинг амалдаги ифодаси экани қайд этилди. Шунингдек, бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.

Кўргазмага қўйилган 70 дан ортиқ фотасарлар дўстлик жамиятларининг кенг қиррали фаолияти ҳақида сўзлайди.
Уларда ўтган давр мобайнида Ўзбекистон халқ дипломатиясини ривожланишига ҳисса қўшган дўстлик жамиятларининг фаоллари, уларнинг хорижий сафарлари, Ўзбекистонда ва хорижда ўтказилган тадбирлар ўз аксини топган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.