loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Жавлон уриб яшаш бахти

Замонавий ўзбек тасвирий санъатининг ёрқин намоёндаларидан бири – Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси Олтин медали соҳиби Жавлон УМАРБЕКОВни халқимиз яхши танийди. Маҳоратли рассом қарийб ярим асрлик ижодий йўли давомида замонавий ўзбек санъатига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

Мусаввир асарларида миллий тарихимиз, унинг таниқли намояндалари акси муҳим ўрин эгаллайди. Айниқса, у инсон тақдири, коинотнинг улканлиги ва унда одамзоднинг ўрнини тараннум этишга интилади. 

Устоз санъаткорнинг “Болалик”, “Қўшиқ”, “Менинг дўстим”, “Тафаккурли инсон”, “Мен инсонман”, “Ҳовуз бўйида”, “Келинчак”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Етти иқлим султони”, “Учрашув”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, “Ой натюрморти”, “Кушон натюрморти”, “Бўзсув”, «Карвон”, “Ипак йўли харобалари”, “Жазоир бўйлаб”, “Сурхондарё”, “Тошкентнинг 30 кўриниши” каби қатор асарлари санъат янги ёки эски бўлиши мумкин эмаслигини намоён этади.

Биз бугунги саҳифамиз орқали устоз санъаткор Жавлон Умарбековнинг болалик чоғлари, ёшлик йилларидаги ажиб хотираларига назар ташлаймиз… 

АРИҚДАГИ НОН

1946 йил 17 июнда Тошкентнинг Эски шаҳарида Чиғатой дарвоза даҳасида туғилганман. Оилада 6 нафар фарзанд – 2 қиз, 4 ўғил эдик. Онамнинг айтишларича, мен шифохонада эмас, уйимизда туғилган эканман. Бувижоним, набирам бу дунёда жавлон уриб яшасин, деган ният билан менга Жавлон деб исм қўйган эканлар.

Болалигимда жуда шўх, тиниб-тинчимас бола бўлганман. Ёз фасли келиши билан бир воқеа тез-тез ёдимга тушаверади. Адашмасам, эндигина 1-синфни тугатган пайтларим эди. Жазирама ёз кунларининг бирида уйимиз ёнидан оқиб ўтган ариқ ёнига бориб ўтирдим. Қўлимдаги нонни сувга ботириб-ботириб иштаҳа билан ея бошладим. Кейинги сафар нонни сувга ботириш учун ариққа эгилишимни биламан, “шалоп” этиб сувга тушиб кетдим. Ҳар қанча ҳаракат қилмай, ариқдан чиқа олмадим… Бир пайт кўзимни очиб қарасам, бегона уйда ётибман. Кейин билсам, сувда оқиб кетаётганимда бир амаки кўриб қолиб, мени қутқариб, уйига олиб келган экан…

ДАСТУРХОНГА ЧИЗИЛГАН АСАР

Ҳеч эсимдан чиқмайдиган хотираларимдан бири – дастурхонга чизган расмим бўлган. П.Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртида ўқирдим. Бир куни устозим катта хостга расм чизишни топшириқ қилиб бердилар. Уйга келиб хостга мос мато топа олмай роса бошим қотди. “Нима қилсам экан?”, дея ўйлаб-ўйлаб онамга айтдим. Шунда онам: “Болам, сифатли матодан тикилган оппоқ, янги дасурхоним бор, шуни берсам бўладими?” деб сўради. “Агар ўзингизга керак бўлмаса, бера қолинг”, дедим. Ўшанда онам менга жуда чиройли, янги, оппоқ дастурхонни олиб чиқиб берганида, у кишининг нақадар қўли очиқ, фарзандларининг қувончи учун борини беришга тайёр эканлигини ҳис қилганман.

Дастурхонга катта иштиёқ билан уйга берилган вазифани чизишни бошладим. Дастурхоннинг ўртасида бир-бирига уланган чоки бўлгани учун анчагина қийналдим. Аммо астойдил ҳаракат қилиб, бир неча кун ухламай берилган топшириқни бажардим. Сўнг тайёр бўлган расмни устозимга кўрсатдим. Негадир айнан шу расм анчагина шов-шувга сабаб бўлди ва республика миқёсида ташкил этилган биринчи ёшлар кўргазмасига қўйилди. Кўргазма давомида расм кўпчиликка маъқул келди ва ўша пайтдаги Рассомлар уюшмасининг раиси Ўрол Тансиқбоев бошлиқ ҳайъат аъзолари расмни сотиб олишларини айтишди. Лекин кўргазма якунига етгач, расмни топшириш учун уюшмага олиб борганимда у ернинг директори: “Расмнинг ўртасида чоки бор экан. Бу расмни қабул қила олмаймиз”, деб айтди. Мен шу ишни қайта чизиб олиб борганимдан сўнггина қабул қилишди ва картина учун ажратилган пулни беришди. Картинамнинг номи “Ҳосил” эди. Шу асар ҳозиргача расмлар захирасида сақланиб келади…

БОЛАЛИК НАШРИ

Мен расм чизишга болалигимдан қизиқдим, меҳр қўйдим. Фахр билан айта олманки, болалигим болалар нашрлари билан ҳамнафас ўтди. Ўша вақтларда чизган расмларни тинмай болалар нашрига юборардим. Ҳозир ўша кунлар кино тасмасидек кўз ўнгимдан ўтяпти.

5-синф ўқувчиси эдим. “Гулхан”, “Ғунча”, “Тонг юлдузи” (авввалги номи “Ленин учқуни”) каби газета ва журналларини қўлдан қўймай, сонма-сон ўқирдик. Кейинчалик ушбу нашрлар тайёрланадиган таҳририятларга бориб, иш фаолияти билан тўлиқ танишдим. Уларда эълон қилинадиган ҳикоя, қисса ва эртакларга расмлар чизиб, қалам ҳақи ола бошладим. 

Ўз устимда тинимсиз изланиб, тажрибам оша бошлаганидан кейин “Муштум”, “Шарқ Юлдузи”, “Гулистон” каби бир қатор отахон журналлар билан ҳамкорлик қила бошладим. Деярли ҳар куни журналлар жойлашган Навоий кўчасидаги 30-уйга қатнардим. У ердаги ҳар бир таҳририятга қизиқиб кириб чиқардим. Шу тариқа фаолиятим кенгайиб бораверди. Нашрлар ва нашриётлар билан ҳамкорликда ишлаб, болалар ва катталар учун ёзилган бадиий асарларга расмлар чиза бошладим. Масалан, “Ғафур Ғулом” нашриётида чоп этилган Ўлмас Умарбеков, Абдулла Орипов, Хуршид Давроннинг бир қатор асарларига ҳам расмлар ишлаганман. 

РАНГЛАРДА ТАРИХ АКСИ

Бутуниттифоқ давлат киноматография институтининг талабаси бўлганимдан сўнг, бадиий кўргазмаларда қатнаша бошладим. Тасвирий санъатдаги ижод йўлини портрет, маиший тарихий жанрда бошладим. 

Дастлаб “Алишер ва Ҳусайн Бойқаронинг ёшлиги” асарини шарқ миниатюра анъаналари услубида яратдим. Икки ёш ўспириннинг мулоқоти, лирик – поетик ҳолатини ком­позитсия ечимида моҳирлик билан тасвирлашга ҳаракат қилдим. “Қўшиқ” картинамда эса най чалаётган ўспирин йигитнинг қиёфаси, ёшлик, беғуборлик ижодий парвозлар руҳини куйлаётган бир оҳангда мужассамлашганини, “Менинг дўстим” деб номланган асаримда дўстимга ва композитсиядан ўрин олган оналик сиймосига меҳр ва муҳаббат ифодасини акс эттирдим. Булар менинг санъат йўлидаги дадил қадамларим эди.

Мусаввир ҳаёт гўзаллиги, туйғулар тиниқлиги, софлигини нозик чизгилар, қайтарилмас ранглар билан тасвирлайди. Буюк тарихий шахслар сиймосини яратиш учун ижодкор улуғ аждодларимиз ҳаёти, улар яшаган давр ва муҳитни, замондошлар хотираларини, тарихчилар ёзиб қолдирган асарларни пухта ўрганиши зарур. Шунинг учун мен доимо ўқиб-уқишга, тарихни мукаммал ўрганишга ҳаракат қилдим. Сабаби, тарихимиздаги ҳар бир қаҳрамон ёки адабиётимиздаги буюк ёзувчи ва шоирнинг қиёфаси, унинг табиати ранглар орқали тасвирда аниқ намоён бўлишини истардим.

Тўплаган тажрибамдан келиб чиққан ҳолда катта мавзудаги асарларни туркумлаб “Учлик” номи остида бирлаштирдим. Уч қисмдан иборат бўлган асаримнинг биринчиси “Тафаккурли инсон” деб номланган. Асар Шарқнинг буюк алломаси ибн Синонинг 1200 йиллигига бағишланган. Иккинчиси – “Мен инсонман” асари ал-Хоразмий юбилейига бағишланган. Ниҳоят, учинчиси улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темурга бағишланган бўлиб, “Етти иқлим султони” деб номланади.

Тан олиб айтишим керакки, бу асарларни яратгунимча елкамга чексиз масулиятни юклаган эдим. Ахир, тарихга қўл уриш, уни тўла акс эттириш осон эмаслигини ҳар дақиқада ҳис этиб турардим…

ЁШЛИК НАФАСИ

Мен Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида, Тошкент санъат институтида, Ўзбекистон рассомлар уюшмасида фаолият олиб бордим. Ҳозирги кунда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга дарс беряпман.  

Кўпчилик: “Нега ҳалиям институтда дарс берасиз?! Бу тажрибангиз билан бошқа жойда ишласангиз бўлмайдими?” деб савол беради. Мен уларга доимо бир хил жавоб бераман: “Мен ҳар куни бу даргоҳга қадам қўяр эканман, ўзимни, қалбимни ёш ҳис қиламан. Кўзлари илм олиш ниятида порлаб турган йигит-қизларга йўл-йўриқ кўрсатганимда, рассомлик сирларини ўргатаётганимда улардаги завқ-у шавқ билан яшараман. Шогирдларимнинг ютуқларидан ғурурланаман. Уларнинг тиним билмай изланишларига қараб ўзимнинг оловли йилларим нафасини сезаман, ёшлигимни кўргандек бўламан.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач – Япония, Қувайт, Туркия, АҚШ каби бир қатор мамлакатларда ижодий сафарларда бўлдим. Асарларим билан нафақат республика, балки халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок этганман. Бир нечта расмларимдан намуналар республикамиз ва хориждаги музейларда сақланади. Лекин бир туйғуни – институтдаги мўжазгина устахонамдаги шукуҳни, талабаларга таҳсил бераётган онларимни, уларнинг бўёғи қуримаган асарларини қўлимга олгандаги бахтни бошқа ҳеч қаерда ҳис этмадим. Шунинг учун ҳам мен ўсиб келаётган ёш авлодни юртимизга, халқимизга муносиб фарзанд бўлиб камол топишлари учун қўлимдан келганича кўмак ва маслаҳат беришга тайёрман. 

Бир гапни алоҳида таъкидлашни истардим, ёшларимизга нафақат юртимиз рассомлари, балки дунёнинг буюк ижодкорлари ва уларнинг ҳаёт йўлларидан сабоқ беришимиз зарур. Келажак авлоднинг тасаввур оламини, фикрлаш доирасини кенгайтиришга хизмат қиладиган ҳақиқий дурдона филмларни ўзбек тилига ўгириб, уларга кўрсатишимиз, таҳлил қилиб беришимиз керак. Ана шундагина санъатимиз ҳар томонлама ривожланади, дунёга бўй кўрсатади.

Суҳбатдош Нилуфар ЖАББОРОВА

Манба: “Гулхан” журнали, 2022 йил 7-сон.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.