loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўз логотипини яратиш бўйича танлов ўтказмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўз логотипини яратиш бўйича танлов эълон қилди.

Танлов бир босқичда ўтказилиб, унда юридик шахслар билан бир қаторда жисмоний шахслар ҳам иштирок этишлари мумкин. Танловда ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирок этишмайди.

Танловга лойиҳалар қуйидаги шаклда тақдим этилади:

ҳар бир иштирокчи танловда чекланмаган миқдорда лойиҳалар тақдим қилиши мумкин;

логотип лойиҳаси формати -10 Мб гача, икки кўринишда – JPG ва PSD форматида электрон вариантда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига юборилади.

Танлов лойиҳалари қуйидаги манзилда қабул қилинади:

100017, Тошкентда шаҳри, Абдулла Қодирий кўчаси 2-уй;

Телефон: (+99871) 239-24-37, e-mail: info@minsport.uz.

Танловга юборилган лойиҳа Жисмоний тарбия ва Спорт вазирлиги фаолиятини ёритиб берувчи рамзий хусусиятларга, бетакрор бадиий ечим ва бадиий ғоянинг изчиллигига эга бўлиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ёзуви бўлиши шарт.

Танловга лойиҳалар 2019 йилнинг 1 декабридан 15 декабрга қадар (шу куни ҳам) қабул қилинади. Танлов ғолиби 2019 йил 20 декабрда эълон қилинади.

Ҳакамлар ҳайъати танловнинг асосий талабларига жавоб бермайдиган лойиҳаларни кўрмасликка ҳақли. Ҳайъат аъзоларининг ҳар бири битта овоз беришга эга. Агар ҳайъат аъзоларининг овози тенг бўлса, комиссия раиси якуний овозга эга бўлади.

Ҳакамлар ҳайъатининг танлов ғолибини мукофотлаш тўғрисидаги қароридан сўнг танлов натижалари вазирлик расмий сайти ва турли ОАВ орқали эълон қилинади.

Танлов натижаларига кўра ғолиб иштирокчига 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдоридаги пул мукофоти берилади. Шундай экан, танловда фаол иштирок этинг ва ғолиб бўлинг.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.