loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодда реализм анъаналари

Наманган вилояти тасвирий санъати ривожига ҳамда ёш рассомларнинг бадиий эстетик тарбиясида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Наманган вилояти  бўлими раиси Комилжон Қамбаров ижоди ва педагогик фаолиятининг ўзига хос салмоқли таъсири бор. Вилоятдан етишиб чиққан етук рассомлар сафини иқтидорли ёшлар билан кенгайтириш мақсадида кўплаб ёш рассомларнинг шахсий кўргазмаларини ташкил қилиб келади. Устоз вилоятдаги санъатга ихтисослашган барча ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни жуда яхши йўлга қўйган фидоийи, ташаббускор раҳбар. Жумладан, Наманган давлат университети Санъатшунослик факультети, Наманган шаҳар санъат, маданият ва ҳунармандчилик коллежлари, Ўзбекистон Бадиий академияси Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ҳамда вилоятнинг барча туманларидаги мусиқа ва санъат мактабларининг ўқитувчилари ва иқтидорли ёшлар билан тез-тез мулоқат қилиб мустақил ижод йўлларини топишларида ўзининг билими ва вақтини аямайди, керакли тавсиялар бериб боради.  

Комилжон Қамбаров 1961 йил 21 октябрда Наманган вилояти, Учқўрғон шаҳрида хизматчи оиласида тавваллуд топган. 1990 йили собиқ А.Н.Островский номидаги Тошкент давлат театр ва рассомчилик олийгоҳининг Амалий санъат рассоми бўлими “Интерьер ва уни жиҳозлаш” мутахассислигини тугатган. 1990-1992 йилларда Учқўрғон шаҳар ижроия қўмитасини  якка тартибдаги уй-жой қурилишини мувофиқлаштириш бўлими архитектори,  1992-1999-йилларда   Учқўрғон тумани ҳокимлигида бош архитектор лавозимларида ишлаб, шаҳар ва туманн қурилиши соҳаларининг ривожига салмоқли хисса қўшди. Жумладан,Учқўрғон “Миллий банк”, “Учқўрғон-ёғ” ҳиссадорлик жамиятига қарашли миллий чойхона қурилиши, “Учқўрғон-дон” ҳиссадорлик жамиятининг асосий  кириш дарвозалари лойиҳалари ва шу каби қатор безакли лойиҳалар яратган.

Мунтазам равишда вилоят ва республика кўргазмалари ташаббускори ва фаол иштирокчиси ҳисобланади. Жумладан: “Менинг водийим” туркум асарлари, “Бибихоним мадрасаси” этюдлари, кўплаб портретлари, Ўзбекистоннинг гўзал  табиатини тараннум этган кўплаб сув ва мойли бўёқларда ишлаган асарлари эътиборга  лойиқдир.ижодкорлар уюшмаси

Комилжон ака 2015 йилда “Бетакроримсан, ягонасан она Ватаним-Ўзбекистоним” , 2016 йили Андижонда ташкил қилинган “Ижодим сенга она юртим, Ўзбекистоним”, 2017 йили “Мустақил юрт бадиий ижодкорлар нигоҳида” каби қатор кўргазмаларда Ўзбекистоннинг бетакрор ва гўзал манзаралари акс этган асарлари билан фаол қатнашди. Айниқса, 2017 йили Тошкентда, Марказий кўргазмалар залида ташкил қилинган “Табиат ва рассом”  кўргазмасидан жой олган асарлари санъат ихлосмандлари илиқ таассурот қолдиргани, шубҳасиз.

Рассомнинг жонажон табиат гўзаллигига ошиқ қалби унинг бетакрор рангларида ўз аксини топади. Авангард рассомлар сирасига кирадиган ижодкор кенг ва бепоён далаларни, қир ва адирларни севиб тасвирлар экан, ўз услубига зид равишда борлиқни реал ҳолатини, она табиатни асл ҳолича тасвирлашга ҳаракат қилади.  Бепоён борлиқ  қанчалик улкан бўлмасин рассом уни катта полотнода, мой бўёқ орқали эмас, аксинча мўъжаз ва кичик ҳажмдаги сув бўёқ асарлари билан тамошабинга етказишга интилади. У нур ва соялар, ёрқин ва ўз навбатида сокин ранглар орқали серқуёш она ватан табиати нақадар гўзал эканлигини ифодалайди.

Рассом асарларининг диққатга сазоввор томони шундаки, у реализм анаъналарига содиқ қолгани ҳолда гўзал табиатни қандай бўлса шундайлигича тасвирлагани ҳисобланади. Гўёки рассом она табиатнинг сокин мувозанатини, ўзига хос мусиқий оҳангини бузиб қўйишдан чўчигандек туюлади. Гўзаллик ва ҳаёт рамзи бўлган само ва замин уйғунлигини қалб кўзи билан кўришга чорлайди. Тамошабинга “сиз ҳам табиат жозибасини мени кўзим билан кўринг ва қалбингиз билан унга қулоқ тутинг”- дегандек бўлади. Тоғдаги йўл, ирмоқ, кўчалар  худди инсон танасидаги қон томирлар мисоли табиатга жон ато этаётгандек бўлади ва тамошабинни оҳанграбодек ўзига тортади. Ўша сўқмоқ йўллар, кўчалар бўйлаб, сойларнинг жўшқин ирмоқлари ёқалаб сокин табиат қўйнига сингиб кетгингиз келади. Рассомнинг “Эски тегирмон”, “Баҳор”, “Куз”, “Қиш”, “Кўча”, “Чинор”, “Туманли тонг”, “Тонги сокинлик”, “Довонда тонг”, “Тоғ сари йўл”, “Тоғдаги қишлоқ”, “Тошлоқ йўл”, “Тоғдаги ирмоқ”, “Кўприк”, “Қиялик”, “Меннинг қишлоғим”, “Сангардак”, “Бойсун” каби асарлари шулар жумласидан ҳисобланади.

Рассом табиатнинг гўзал бир жойини иккинчи бир жойидаги айрим деталлар билан тўлдириб, бир-бири билан улаш орқали композиция тузишга ҳаракат ҳам қилмайди. Қайсидир бир кўринишни ортиқча бўрттиришдан, сунъий гўзаллик яратишдан қочади. Аксинча, табиатнинг бор гўзаллигини ўз ҳолича  акс эттиради. Ахир, табиат ўзи шундоқ ҳам гўзалку, уни яна қандай безаш мумкин. Диққатни умумий кайфиятга, она табиат гўзаллигига ва ундан эстетик завқ олишга қаратади.

 “Учрашув”, “Чошгоҳда”, “Қариялар”, “Ўтинчи чол” асарларида ҳам тоғли қишлоқ манзараси акс эттирилган. Рассомнинг бошқа асарларидан фарқли ўлароқ  ушбу асрлари маиший жанрга мансуб бўлиб, уларда тоғли қишлоқ аҳолиси, нуроний отахонлар образи, кишиларнинг кундалик турмуш тарзи етакчилик қилади. Рассомнинг ушбу асарлари тоғли халқ турмуши ва урф-одатларига бағишланганлиги билан маиший жанрга мансуб, бироқ, улар ҳам манзаравий кўркамлик махсули саналади.

Комилжон ака реалистик анъаналарга содиқ қолгани ҳолда миллий ўзига хосликнинг бадиий-эстетик имкониятларини кенгайтиришга, ривожлантиришга ҳаракат қиладиган рассомлар сирасига киради. Замон ва маконда мавжуд бўлган санъат ва ундаги оқимлар, йўналишлар асрлар оша қанчалик ўзгариб туришидан қаътий назар, уларнинг асоси бўлган реалистик санъат ўзилигича қолаверади. Бу эса ўз навбатида маънавият илдизига, миллий ўзига хосликка куч беради ва ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида мухим аҳамият касб этади.

Ёш рассом, аввало табиатни, ундаги воқеа ва ҳодисаларни ҳаққоний тасвирлашни ўрганиши зарур. Борлиқни реал ҳолатида тасвирлашни ўрганмаган рассом улкан санъат уммонида адашиб ҳалокатга учраши, умрини сохта услубчиликка беҳуда сарфлаши хеч гап эмас. Комилжон ака сингари устозлар ижоди ўсиб келаётган ёш рассомлар учун ибрат мактаби саналади.

 

Маҳлиё  Содиқжонова,

Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати мутахассис ўқитувчиси

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.