loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижод ҳамма нарсада бор

Халқимиз синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Бугун бутун дунёда коронавирус туфайли азият чеккан инсонлар қанча. Мана қарийб бир ойдан ортиқ вақт ўтди. Уйда қолдик… Бу ҳаёт тўхтаб қолди дегани эмас, албатта. Кимдир китоб ўқияпти, баъзилар уй-рўзғор юмушлари билан банд.

Хўш, бугунги кунда рассомларимиз нималар билан машғул? Бугун гарчи барча сингари рассомлар ҳам карантинда бўлса-да, ижод тўхтагани йук. Кўпчилик мусаввирларнинг ижодини ижтимоий тармоқларда кузатиб бораяпмиз. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай жонкуяр, эл таниган рассомлардан бири билан суҳбат олиб боришни ният қилдик. Суҳатдошимиз Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Фозилий бўлди.

— Муҳаммад ака, ижтимоий тармоқларда сизнинг ижодингизни кузатиб бораяпман. Ижоддан сира тўхтамаяпсиз. Аксинча, янги мавзуларга қўл ургандексиз, назаримда. Сизнингча, карантин даври рассомга қанчалик таъсир қилди?

— Авваламбор, сизларга раҳмат, менинг ижодимни назардан қочирмабсиз. Бундай пайтда инсонлар бир–биридан узилиб қолмаслиги керак. Айниқса, ижод аҳли. Кўпчилик дўстларимиз ижтимоий тармоқларда асарларини намойиш қилиб бораяпти. Мен ҳам карантин даврида бир нечта тугалланмаган ишларимни охирига етказдим. Янги асарлар яратдим. Биласизми, рассомлар табиатан таъсирчан бўлиб яралган. Ҳар бир бўлаётган ижобий ва салбий воқеа-ҳодисаларни, масалан, у бутун дунёда бўладими, ёки жамиятдами – буни аввал ўзидан ўтказади ва ҳозирги замон руҳини айнан ўша пайтда тасвирлашга ҳаракат қилади. Коронавирус ҳақидаги хабарлар, қолаверса, дунёдаги вазият мени ҳам бефарқ қолдирмади. Мен аниқ биламанки, бу касалликни албатта, биргаликда енгамиз. Осмонда ҳар доим ёмғирдан кейин камалак пайдо бўлганидек, яхши кунлар олдинда. Фақатгина сабр қилиш лозим.

— Рассом уйда ижод қилиши мумкин эканми? Кўпчилик табиат қўйнига чиқмасам қандай ижод бўлади, дейди.

— Устахонамда ишлаш аслида анча қулай, лекин ҳозирги пайтда уйда қолиш лозим. Қолаверса, устахонам узоқда жойлашган. Шунга қарамасдан, мен ҳозир уйда ижод қилаяпман. Умуман олганда, яхши рассом бирор-бир асар яратиш учун ташқи дунёдан ажралган ҳолда ўзи билан ёлғиз қолади. Ўйлайманки, шунда кўпчилик ижодкорларда шунчаки қоғозни бўямасдан, ўйлаб асар яратишга вақти бўлади.

 

— Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларингизда жойлаб бораётган янги асарларингиз – “Ўзини ёлғизлаш”, “Коронавирус” қандай яратилди? Сиз бу ҳолатни жуда таъсирли яратгансиз.

— Албатта, мухлисларимиз, дўстларимиз асарларимни кузатиб, ўз фикрларини билдиришаяпти. Карантин даври бошланганида, бир томондан, хурсанд ҳам бўлдим, бемалол қолиб кетган ишларимни охирига етказаман, деб. Лекин айтиб ўтганимдек, устахонам узоқ ва мен уйда ижодни давом эттираяпман. Бир нечта ниқобли одамлар ва ниқобдаги автопортрет, яъни ўзимни яратдим. Ўйлайманки, қачонлардир биз мана шундай кунларни қандай бошимиздан кечирганимиз ва қандай енгганимизни, қолаверса, халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлилигини келажак авлодимиз мана шундай асарлар орқали билиб олишади.

— Демак, карантин деб вақтни ўтказмасдан, ижодкор ижоддан тўхтамаслиги керак.

— Тўғри айтдингиз, ижод вақт кутиб турмайди. Агар рассомнинг хаёлига бирон нарса келса ёки нимадандир таъсирланса, у дарҳол қоғоз излайди. Карантин даврида ҳам вақтни йўқотмаслик керак. Бундан унумли фойдаланиш лозим. Шундоқ ҳам қисқа умр кечиришимизни инобатга олган ҳолда, бор кучимизни ижодга беришимиз лозим. Ана шунда бизнинг авлодларимиз меҳнатларимизни қадрлашади.

— Ижодингизда кўпроқ қайси услубдан фойдаланасиз?

— Ижодимда кўпроқ ўзим ишлаган ва яна акам Муроджон билан биргаликда яратган асарларимиз бор. Акам “ғиштини” қўяди ва мен эса ундан “уй” қураман. Услуб ва бўёқлар сизнинг тасаввурингизни чиқаришда ёрдам беради, бу ерда ҳаммасидан фойдаланса бўлади. Шу жойда хаёлимга ёзувчи Ромен Роланнинг бир сўзи келди: Ижод қилиш – ўлимни ўлдиришдир! Мен ўйлайманки, ҳар сафар бирон асар устида ишлаганингда, худди бу сенинг ҳаётингдаги охирги ишингдек муносабатда бўлиш лозим.

— Муҳаммад ака, ҳозир карантин пайтида уйда ўтирган юртдошларга нима деган бўлардингиз?

— “Ўзини ёлғизлаш” пайтида уйда ўтирган барча ижодкорларга, у рассомми ёки йўқми – ўзингизни кашф қилишга ҳаракат қилинг, ўқинг, чизинг, янги таомлар яратинг, ижод ҳамма нарсада бор ва бу орқали сиз ўзингизни топасиз!

— Муҳаммад ака, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ижодингизга омад тилаган ҳолда карантиндан кейин янги шахсий кўргазмангизни кутиб қоламиз.

Суҳбатни санъатшунос Гавҳар Саодатова олиб борди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.