loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижтимоий тармоқларда икки рассом Бадиий академия раисига гап қайтаргани учун уюшмадан чиқарилгани тўғрисидаги хабарга оид Ўзбекистон Бадиий академияси Баёноти

Яқинда ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрида яшаб, ижод қилаётган ака-ука рассомлар – Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолигидан “ҳайдалгани” тўғрисида хабар тарқалди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш юзасидан олиб борилган текширувларда ушбу хабарда келтирилган маълумот ўз тасдиғини топмади.

Гап шундаки, 2019 йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимлари ва уюшма шўъба раҳбарларининг кенгайтирилган умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Унда уюшманинг 2019 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, фаолият юзасидан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимлари раҳбарлари, уюшма таркибидаги  шўъбалар раислари ҳисоботи тингланган. Шу билан бирга, уюшмага янги аъзоларни қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг  2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта рўйхатдан ўтказилган амалдаги Устави IV бандида Уюшма аъзолари, унга аъзо бўлиш ва аъзоликдан чиқариш шартлари ва тартиби ҳамда аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган. Мазкур банднинг 4.4-хатбошисига мувофиқ Уюшма аъзолигидан аъзоларнинг ёзма аризасига асосан ихтиёрий равишда чиқариш Уюшма Бошқарувининг қарори асосида амалга оширилади. 4.6.-хатбошида Аъзолар томонидан қонун ҳужжатлари ва устав қоидалари қўпол равишда бузилганда Уюшма Бошқарувининг қарорига асосан аъзоликдан мажбурий тартибда чиқарилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Юқорида таъкидланганидек, Уюшманинг 16 декабрь куни бўлиб ўтган умумйиғилиш кун тартибидан ўрин олган янги аъзоларни қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш масаласи бўйича иштирокчилар томонидан бошқа аъзолар қаторида ака-ука рассомлар – Нўъмонжон ва Абдуллажон Холмирзаевлар хатти-ҳаракати ҳам муҳокама этилган. Жумладан, икки рассомнинг юртимиз тасвирий санъати ривожи, тарғибот-ташвиқотига ўз кўргазмалари билан ҳисса қўшаётганидан кўз юммаган ҳолда, ўз шахсий кўргазмаларининг бадиий савиясини ошириш тавсия этилган, шу билан бирга кейинги пайтларда ўзларини тутиши салбий тус олаётгани, ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этмаётганлиги борасида эътирозлар билдирилган. Мазкур омиллар эътиборга олинган  ҳолда, раҳбарият томонидан ижодкор ака-ука Холмирзаевлар бу каби салбий ҳолатлар келгусида такрорланган тақдирда амалдаги Устав қоидаларидан келиб чиқиб Уюшма аъзолигидан чиқарилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.

Демак, рассом ака-ука Холмиразевларнинг Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолигидан “ҳайдалгани” тўғрисидаги хабар масалани атрофлича ўрганмай туриб, кўр-кўрона тарқатилгани, бунинг замирида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолиятини обрўсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракат ётгани маълум бўлади.

 

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.