loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг 100 йиллигига бағишланган тадбирнинг иккинчи куни, яъни  19 октябрда Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида “Ўзбекистон тасвирий санъатида Павел Беньков феномени ва унинг мактаби” мавзусида илмий-амалий конференция ҳамда ушбу санага бағишлаб чоп этилган каталог тақдимоти бўлиб ўтди.

“100 йил” деб номланган ушбу каталогда мазкур билим юрти битирувчилари – машҳур рассом ва ҳунармандларнинг энг сара асарларидан намуналар, мактаб тарихи, П.Беньков ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид маълумотлар, мавзуга доир қатор фотосуратлар  ўрин олган.

Конференцияда Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари Aкбар Ҳакимов, Mарина Бородина, Нигора Аҳмедова ҳамда Kамолиддин Беҳзод номидаги Mиллий рассомлик ва дизайн институти катта қўитувчилари Kулташева Нигора, Aлимқулова Дилзода мавзуга оид маъруза қилдилар.

Ўтган асрнинг 30-йилларида самарали меҳнат қилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, йирик рассом ва педагог Павел Петрович Беньков (1879 – 1949) ўзбек санъати тарихида ўз номини қолдирди. Қозонда оддий хизматчи оиласида дунёга келган П.Беньков шу ерда янги ташкил этилган  рассомлик билим юртида  тасвирий санъат асосларини эгаллагач, 1909 йилда Петербург  Бадиий академиясининг Олий бадиий билим юртини тугатди. Шу ерда  дарс берди, шу билан бирга ижод билан шуғулланиб, манзара, портретлар чизди.

1928 йилда Ўзбекистонга  биринчи марта келган П.Беньковни ўлканинг рангдор табиати, шаклларга бой меъморий обидалари, шарқона турмуш тарзи бутунлай мафтун қилди, юртимизнинг гўзал табиатига, меҳмондўст халқига чексиз меҳр қўйди. 1930 йилда Самарқандга кўчиб келган рассом умрининг охиригача Ўзбекистонда қолди. Сермаҳсул ва сермазмун ижод қилди, минглаб шогирдларни, яъни бугунги кунда бутун дунёга номи машҳур ва буюк рассомларни тарбиялади. У ўзининг деярли барча асарларида қуёшли юртимизнинг гўзал табиатини, содда ва меҳнатсевар инсонларини акс эттирди. “Хивалик қиз” (1931), “Дугоналар. Фронтдан хат” (1945), “Узум бозори” (1928-1929), “Эски Бухоро” (1931) каби асарлари шулар жумласидандир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.