loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Истиқлол манзаралари

30 август куни Тошкент фотосуратлар уйида  “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган бош ғоя асосида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига бағишланган фотокўргазма очилди.

Кўргазма экспозициясида 100 га яқин фотоасарлар намойиш этилмоқда.

Кўргазма экспозициясида мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида қўлга киритилган ютуқлар, мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг фаровон ҳаёти, унинг ижодкор руҳияти муҳрланган фотосуратлар ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан тақдим этилган фотосуратларда Тошкент ва Самарқанд, Мўйноқ шаҳарларининг турли кўринишлари ва янгиланиётган Ўзбекистон, миллий ҳунармандчилик намуналари, халқимизнинг фаровон турмуш тарзи акс эттирилган. Бундан кўзланган мақсад – Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлаш  арафасида юртимизда бўлган улкан  ўзгаришларни, қўлга киритилган ютуқларни  кўрсатиб беришдир.

Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент фотосуратлар уйи томонидан тақдим этилган фотосуратлар эса Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари ва ёш ижодкорлар ижодига мансуб бўлиб, уларда бадиий фотография усталарининг ижодкорона ёндашувини кузатишимиз мумкин. Улар орасида айниқса, Рустам Шарипов, Владимир Шлосберг, Ирини Щурь, Аида Сидикходжаева, Акбар Ибрагимов, Анастасия Голдварг, Борис Недосеков, Зилола Самандарова, Ирина Ан, Маргарита  Константинова, Мария Фадеева, Носиржон Деҳқонов, Ринат Титеев, Сергей Карандаев, Султонбой Деҳқонов, Юрий Корсунцев, Владимир Жирнов сингари профессионал ва ҳаваскор фотографларнинг фотоасарлари диққатга сазовор.

Мухтасар айтганда, кўргазмада намойиш этилаётган фотосуратлар бир-бирини тўлдириб, томошабинларга барйрамона руҳ, кайфият бағишлайди, уларга ҳаётимизнинг турли саҳифаларидан ҳикоя қилади ҳамда юртимизнинг 31 йиллик байрамини янада кўтаринки, кўргазмали ўтишида муносиб туҳфа бўлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.