loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ихтисослашган мактабда маҳорат дарслари

Ўзбекистон Бадиий Академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ташаббуси билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн Институти ҳамкорлигида 21 октябрь куни Тошкент шаҳар, Яккасарой туманида жойлашган Имконияти чекланган болалар учун 25-сонли ихтисослашган мактаб ўқувчилари учун  “Беш ташаббус – беш қанот” шиори остида “Тилга эътибор-элга эътибор”  номли  минатюра  асарларидан  ташкил топган кўчма кўргазма ҳамда кўргазма доирасида  “Миниатюра, ҳайкалтарошлик, кулолчилик” йўналишлари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Тадбирни  Имконияти чекланган болалар учун  25-сонли мактаб директори Мадина Атаханова байрам табриги  билан очиб берди.

Шунингдек тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза  Қаршиева сўзга чиқди,  барчани байрам билан қутлади. Шундан сўнг ушбу тадбир концерт дастури, кўргазма, маҳорат дарсларига уланиб кетди.

Миниатюра йўналиши бўйича маҳорат дарсларини  миниатюрачи рассом Камол Мирзаев ҳамда  ёш рассом Гулираъно Абдуллаева олиб бордилар.  Улар миниатюра асарларини яратиш  усулларини маҳорат дарслари орқали намойиш этиб беришди. Жаҳон маданиятидан муносиб ўрин олган, Шарқ халқларининг муштарак бадиий мероси ҳисобланадиган миниатюралар китобат санъатининг таркибий қисми бўлиб, улар қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш баробарида, мазкур асарлардаги илғор инсонпарварлик ғояларини, эзгулик , гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилган. Қадимий қўлёзмаларга чизилган миниатюралар – мўъжаз суратлар, китоб зийнатларининг нақшинкор хусусиятига эга, улар яратилган давр ижодкорлари дунёқараши, кишиларнинг маданияти, тафаккур тарзи билан бевосита боғлиқдир.

Кулолчилик йўналиши бўйича. Кулолчилик лойдан  гўзаллик яратган Шарқнинг энг қадимий ҳамда навқирон санъатидир. Бу лой – саховат, ҳалоллик, эзгулик тимсолидир. Кулолчилик ва хайкалтарошлик сир-асрорларини Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн  институтининг Амалий санъат факультети ўқитувчи ва талабалари  томошабинларга ўзларининг ижодий ишлари орқали амалда кўрсатиб берди. Маҳорат дарслари жараёнида кулолчилик мактабларининг ўзига хос ясаш усули, технологияси, нақш композицияси, колорити, динамикаси билан алоҳида ўрин тутиши ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Хайкалтарошлик санъати йўналиши бўйича.   Жахон халқлари тарихий-маданий тамаддунида халқ ҳунармандчилиги, амалий безак санъати, меъморлик, айникса, тасвирий санъат турларининг кенг- ривожланиши муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, ўтмишда тасвирий санъатнинг ҳайкалтарошлик тури сермаҳсул ижод манбаи сифатида кўплаб халқ ва элатлар бадиий маданиятининг ажралмас қисмини ташкил этган. Шунинг учун хайкаллар ўзининг мазмуни ва ўрнатиладиган жойига караб ҳар хил материаллардан ишланиши мумкин. Ҳайкалтарошлик материаллари  қуйидагилардан иборат: пластилин, лой, ёғоч, металл, мармар, гранит, суяк, цемент, гипс ва хоказолардир. Қимматбаҳо металлар-олтин, кумуш, никеллар хам хайкалтарошликда қўлланилиши ҳақида ҳам ўқувчиларга маълумотлар берилди.

Ушбу кўргазма ва маҳорат дарсларида ўқувчилар тасвирий санъат асарларидан баҳраманд бўлибгина қолмай,ўзлари ҳам  бевосита қатнашиб санъат асарларини яратдилар. Тарбияланувчиларга кўчма кўргазма ҳақида қизиқарли экускурсия ташкил этилди. Музейда томонидан ташкил этилган кўчма кўргазма ва маҳорат дарслари, болажонларда жуда катта таассуротлар қолдирди.

Мактаб директори Мадина Атаханова  музей  жамоасининг мактабда уюштирган  маҳорат дарслари ва кўргазмадан жудаям мамнун бўлганликларини айтиб ўтди ва музей маъмуриятига ўзининг миннатдорчилигини ҳамда самимий тилакларини билдирди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.