loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Йил якунлари сарҳисоб қилинди

16 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимлари ва шўъба раҳбарларининг жорий 2019 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган умумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Анжуманлар залида ўтган йиғилишда 2019 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолияти таҳлил этилди, Бадиий ижодкорлар уюшмаси раисининг уюшма томонидан мазкур йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботи, Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимлари раҳбарларининг ҳамда шўъба раислари ҳисоботи тингланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, якунига еткаётган 2019 йилда Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан режа асосида муҳим саналарга бағишланган ҳамда ижодкорларнинг шахсий ижодини намойиш этишга қаратилган 360 та кўргазма ва тадбирлар, жумладан, 3 та халқаро ва хорижий кўргазмалар, 80 та маҳорат дарслари, 20 та кўчма кўргазмалар, 10 та пленер, 247 та шахсий ва турли мавзуларга бағишланган кўргазма ўтказилди, Республикамиз пойтахти, вилоятлар, туманлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (Нукус)да таниқли ижодкорлар, маданият ва санъат намояндалари, ёш ижодкорлар билан ижодий учрашувлар ва бошқа тадбирлар муваффақиятли ташкил қилинди, тадбирларда 25 400 дан ортиқ ижодий ишлар намойиш этилди.

Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг юксак маданияти ва санъатини кенг тарғиб этиш, халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларининг ҳамда мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро тадбирларда чет эл ижодкорларининг иштирокини таъминлаш ва уларни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Қозоғистон Республикасининг Астана шаҳрида шу йилнинг 1 февралидан 1 мартигача “Ўзбекистон замонавий санъати” тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ҳамда “Замонавий Ўзбекистон” фотокўргазмаси ташкил қилинди. Кўргазмада 13 нафар Уюшма аъзоларининг 43 дона ижодий ишлари ҳамда 100 дона фотоасарлар намойиш қилинди. Бундан ташқари шу йилнинг 27 апрель – 5 май кунлари Самарқанд шаҳрида халқаро “Шарқ афсонаси” рассомлар пленери ҳамда пленер доирасида халқаро кўргазма, ноябрь ойида Хитойнинг Ханчжоу вилоятида 8 нафар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларининг кўргазмаси ташкил этилди. 11-15 ноябрь кунлари пойтахтимизда ўтган ва дунёнинг 13 давлатидан ҳунарманд-ижодкорлар иштирок этган II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси ҳам шу мақсадга хизмат қилди.

Йиғилишда кўргазмавий фаолиятни кенгайтириш мақсадида вилоятларга ва республикамизнинг чекка ҳудудларига юртимиз тасвирий ва амалий санъат намояндаларининг ижодий сафарларини уюштириш, кўчма бадиий ва фотокўргазмаларни ташкил этиш, қишлоқ ва туманларда таниқли ва иқтидорли ёш рассомлар билан ижодий учрашувлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, шахсий ва ижодий кўргазмалар учун кенг имкониятлар очиб бериш ва бу тадбирларни сифат ва мазмун-моҳият жихатдан юқори поғонага олиб чиқиш галдаги устувор вазифалар эканлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.