loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ғолиблар гувоҳнома олишди

Бугун, 16 август куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Анжуманлар залида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси ғолибларига  тантанали равишда гувоҳнома топшириш  маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда истеъдодли ёшлар, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, улар эришаётган ютуқларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун алоҳида давлат стипендиялари тайинланаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелда қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган иқтидорли ва ижодкор талабаларни моддий ва маънавий муносиб қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш вазифаси белгиланди.

Мазкур қарор ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида” 691-сон қарори билан “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Стипендия тайинлашда талабгорнинг олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этганлиги, соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришганлиги, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги, ўзбек миллий санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси инобатга олинади.

Жорий 2021 йилда илк бор Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси танлови ўтказилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тузилган Эксперт гуруҳининг қарорига асосан 7 нафар иқтидорли ижодкор талаба тегишли таълим йўналишлари бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди.

Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси илк ғолиблари:

  1. Иброҳимова Ойша Улуғбек қизи, Бухоро давлат университети талабаси – Дастгоҳли рангтасвир таълим йўналиши бўйича;
  2. Мусирмонов Турсунмурод Баҳодир ўғли, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси – Рангтасвир (турлари бўйича) таълим йўналиши бўйича;
  1. Ҳошимова Дилшода Бахшило қизи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси – Графика ва миниатюра таълим йўналиши бўйича;
  1. Ахмедов Тоҳиржон Боходиржон ўғли,Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси – Ҳайкалтарошлик (турлари бўйича) таълим йўналиши бўйича;
  1. Йўлдошева Наргиза Дастон қизи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси – Амалий санъат (турлари бўйича) таълим йўналиши бўйича;
  1. Мелибоева Гулчехра Файзулла қизи,Тошкент архитектура-қурилиш институти талабаси – Дизайн (турлари бўйича) таълим йўналиши бўйича;
  1. Сарсенова Гулнур Сарсеновна, Нукус давлат педагогика институти талабаси – Санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) – таълим йўналиши бўйича

Тантанали маросимда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми А.Нуридинов иштирок этди ва талабаларга ушбу давлат стипендияси гувоҳномасини топширди.

Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек тасвирий ва амалий санъати, дизайн йўналишида кўплаб ёш истеъдод эгалари ном чиқариб, санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга, кўргазмалар билан  миллий санъатимиз ютуқларини танитишга интилаётгани қувончли ҳолдир. Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси истеъдодли ёшларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи ёрқин асарлар яратиш, ўзбек тасвирий санъатини изчил ривожлантириш фаолиятига яна бир катта рағбат бўлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.