loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Келажагимизнинг истеъдодли эгалари

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чекка қишлоқларидан бирида қисматига шоиралик тақдири битилган  ширин қизалоқ дунёга келди.
 
Исмини Мадина деб қўйдилар. Ота ва онасининг тарбияси яқинларининг эътибори ва воҳа табиатининг гўзаллиги ижодкор қалбида шоирона ҳарактер илдизларини ота бошлади. Ёлғизлик қаъридан паноҳ топишни истар ошноси китоблар, завқли жараёнлари ижод билан ўтган кунлари эди.
 
Мадинани 2018 йил ”Ўзбекистон баҳори” ижодкор ёшлар фестивалида кўрган эдим. Лекин ўшанда вақти келиб бирга ўқишимизни тассаввур қилмаганман. Иккаламиз ҳам узоқ йиллик абитуриентликдан сўнг талаба бўлганмиз. Ҳақиқий истеъдод эгаси, адабиёт бўстонида ёш шоира қизлар орасидан ўз имзосига эга қалам соҳибаси.
 
Мадина Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти  «Санъатшунослик“ факультетининг 3-босқичида таҳсил олмоқда.
 
3 йиллик таълим жараёнида ўзининг юксак иқтидори билан ажралиб турувчи талаба сифатида ўнлаб Республика танлови иштирокчиси ва ғолибасига айланди.
 
2018  йилда “Зомин” ижодкорлар ёшлар семинарида ҳамда  Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил қилинган “Самарқанд шеьр оқшомлари” туркий тилли ёшлар анжуманида фаол иштирок этди.
 
Бундан ташқари 2018  йил Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ташкил қилинган “Ўзбекистон баҳори” республика кўрик танловида ғолибликни қўлга киритиб махсус диплом билан тақдирланди.
2019 – йил Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ўтказилган “Оролдаги одамлар” ижтимоий-бадиий лойиҳасида назм йўналишида ғолибликни қўлга киритди.
 
2020  йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ва бу каби олий мукофотлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
 
Яқинда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида Республика танловини эълон қилди.
 
Танловнинг асосий мақсади ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантиришдан иборат.
Мадина Норчаева ушбу танловда “Назм“ йўналиши бўйича иштирок этди.
 
Отам далаларга сўз эккан эди
1.
Бойчечак,
Отам далаларга сўз эккан эди.
Дуо эккан эди, ҳовуч-ҳовучлаб.
Болалар бўғзида қайдан улғайди
Чирмовуқ товушлар, ажриқ товушлар?!
Отам далаларга сўз эккан эди…
2
Бойчечак – заминнинг илк сўзи,
Замҳарир бир сафар қасдида.
Тилга кир,
Боболар не тилда сўзлашур,
Не суҳбат тупроқнинг остида.
Тилга кир,
Нечундир увушган,
Дудуқдир кўнглимнинг лаҳжаси.
Бу баҳор, баҳорми чиндан ҳам
Ва ёки ўтмишнинг шарпаси?
Тилга кир,
Овозим гулдираб қайтарми?
Тинарми ёмғирлар, довуллар.
Бойчечак, совуқ қиш захмидан
Айт, омон чиқарми овуллар.
3
«Бойчечакни тутдилар
Тут ёғочга осдилар»
Нечун гоҳи юзингга
Оёғини босдилар.
«Қилич билан чопдилар
Бахмал билан ёпдилар»
Йиғладилар ортингдан
Кейин излаб топдилар.
Энди бир хушхабар айт,
Пичирлама ҳайқиргин.
Отанг эккан у сўзлар
Гуллаётир де бугун!
 
Ушбу шеър Мадинага ғолиблик нашидасини келтирди. Танлов иштирокчилари орасидан сараланиб 2-ўрин соҳибасига айланди. Қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти билан тақдирланди.
 
Мадина Норчаева, нафақат олийгоҳимизнинг балки чинакам ўзбек адабиётининг энг истеъдодли ёшларидан. Унинг ютуқлари ҳақида фахрланамиз. Бу ютуқлар ҳали давомий бўлиб, эзгу мақсадлари йўлида зинапоя вазифасини ўтайди.
Мадина Норчаевага кейинги ижодий ишларига улкан муваффақиятлар тилаймиз!
 
Нодира МИРЖОНОВА , МРДИ Санъатшунослик факультети, 3-босқич талабаси
 
 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.