loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Кўкрак нишони берилди

Ўзбекистон Бадиий академиясининг Анжуманлар залида бир гуруҳ Бадиий академия академиклари, соҳа вакилларини “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ таъсис этилган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ҳамда бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз тақдирланади.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари раҳбарлари ва кенг жамоатчилик иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур иштирок этди ва нутқ сўзлади.

— Мана, Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Ўтган давр мобайнида кўп сувлар оқиб кетди, кўп-кўп устозларимиз ўтиб кетишди. Авваламбор, уларнинг руҳлари шод, охирати обод бўлсин. Ҳаёт тўхтаб турмайди, давом этмоқда. Эндиликда пандемияни бошдан ўтказаётган, унинг қийинчиликлари билан юзма-юз келган бўлсак-да, ҳеч ким ижоддан тўхтагани йўқ. Фурсатдан фойдаланиб, икки оғиз фахрийларимиз ҳақида гапирмоқчиман.

Мен ёшлигимни жуда яхши эслайман, 1970-75 йилларни назарда тутмоқдаман. Ўша даврда ўзбек тасвирий санъатига ўзларининг ижоди билан, янги бир дунёқарашда жуда катта авлод вакиллари залворли қадамлар билан шахдам кириб келишди. Улар катта мактаб яратган устоз сифатида, ўзларидан кейинги авлодга ўрнак, намуна бўлиб, бугун ҳам ижодни давом эттиришмоқда. Устоз рассомлар ижоддан ташқари, шогирд, ёш авлод тарбиясида ҳам фаоллик кўрсатишди.

“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони – ҳозир орамизда ўтирган, шарафли устоз мақомига эга бўлган ана шундай рассомларимиз, соҳа фидойиларининг кўп йиллик хизмати, машаққатли меҳнатини давлатимиз раҳбари томонидан муносиб тақдирлаш бўлди, — деди Бадиий академия раиси.

– Бу мукофотни айнан мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида олганимдан жуда хурсандман, – деди Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия академиги Жавлон Умарбеков. — Бу йил 75 ёшга тўлган бўлсам, шундан 30 йили юртимиз мустақиллиги билан баробар кечмоқда. Ҳаётим, ижодим мисолида жуда катта ўзгаришларни кўрдим, юртимизда чин маънода бунёдкорлик, яратувчанлик кетмоқда. Рассомларимиз жўшиб ижод қиладиган даврлар келди. Давлатимиз раҳбарининг соҳага эътибори натижасида рассомларимиз муносиб шароитларга эга бўлишмоқда. 75 ёш, менимча, энди ҳаёт бошланди, яшаймиз, ижод қиламиз, чунки ушбу мукофот янада куч-ғайрат бериб, иштиёқ билан кўпроқ ишлашга ундаяпти.

I ДАРАЖАЛИ “МЕҲНАТ ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН:

Абдуллаев Саъдулла Асадуллаевич, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори.

Джалолов Баходир Фазлитдинович, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Маҳобатли рангтасвир” кафедраси профессори.

Умарбеков Джавлят Юсупович, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси профессори.

Мирзаев Алишер,
Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳли рангтавир” кафедраси профессори.

II ДАРАЖАЛИ “МЕҲНАТ ФАХРИЙСИ” КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН:

Лебедов Виктор Алексеевич,
П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби “Амалий графика рассоми” фани ўқитувчиси.

Ташходжаева Дилярам Вахидовна, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Бадиий кулол ва меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш” кафедраси доценти
тақдирланишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, тасвирий санъат соҳасида самарали меҳнат қилаётган ходимлар ҳам тақдирланди.

Ўзбекистон Бадиий академия раиси Акмал Нур Ўзбекистон Бадиий академияси Таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Курбанов Мирзохид Абдумуталибович ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Сайфуллаев Нодирбек Бахтияровичга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини топширди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.