loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 19–23 декабрь кунлари Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида анъанавий “Тошкент қувончлари” IX Халқаро болалар расмлари Биенналеси бўлиб ўтади.Мазкур Биеннале Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида” 2022 йил 28 январдаги 60-сон Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжаланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 275-банди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 декабрдаги 123-сон Баёни ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаяпти.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида мазкур халқаро болалар Биенналесига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.Матбуот анжуманида таъкидланганидек, халқаро болалар расмлари Биенналеси нафақат Ўзбекистон, балки дунё болаларининг ҳам қувончидир.Халқаро танловни ўтказишдан асосий мақсад – болаларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини орттириш, улар орасидан янги иқтидорларни излаб топиш ва рағбатлантириш, Ўзбекистон болаларини дунёдаги тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништириш,ижодий мулоқотини йўлга қўйиш, уларнинг дўстлигини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, жаҳон санъати ва маданиятига бўлган эътиборни оширишдир.

Қолаверса, Биеннале мактабгача ёшдаги, мактаб ёшидаги болаларнинг интеллектуал ўсишини рағбатлантириш,тасаввурини янада кенгайтиришга хизмат қилади.Биенналега юборилган болалар ишлари 3 гуруҳга асосан, яъни 5 – 7 ёш, 8 – 12 ёш ҳамда 13 -15 ёш тоифасида баҳоланади.IХ “Тошкент қувончлари”да бу йил 20 га яқин чет давлатлар болалари ижодий ишлари иштирок этмоқда.Жумладан, Италия, Беларусь, Россия, Таиланд, Франция, Озарбайжон, Ҳиндистон, Малайзия каби мамлакатлардан турли мавзулардаги расмлар танловдан жой олган. Шунингдек, қўшни давлатлар – Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистондан танловга келган болалар расмлари сони анча кўп.

Бу йил Биенналеда 2 минг 500 га яқин асар намойиш қилинади. Бундан 2000 га яқин асар Тошкент шаҳри, республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан юборилган. 500 асар эса уларнинг чет эл тенгдошлари томонидан тақдим этилган.
Биеннале ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар қўйилган: битта гран – при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медаллари ва 30 дона эсдалик тангалари.Барча иштирокчиларга эса сертификатлар тақдим этилади.

Биеннале 23 декабрда якунланади ва ғолиблар Ўзбекистон Бадиий академиясида эълон қилинади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.